Сўнгги йилларда аҳолининг уй-жойларга бўлган эҳтиёжини қондириш мақсадида, ҳукумат томонидан кўплаб қарорлар қабул қилинди, дастурлар амалга оширилди. Натижада, қисқа вақт ичида янги, замонавий уй-жойлар барпо этилди, уларнинг сони ошиб, шаҳар ва қишлоқлар қиёфаси янгиланмоқда. Аммо сифати-чи? Янги уй-жойларнинг қурилиш ишлари сифатли бажариляптими? Уларни барпо қилишда сифатли материаллардан фойдаланилмоқдами? Бу уй-жойларга кўчиб ўтган одамлар узоқ йиллар давомида барча қулайликлардан баҳра олиб, бемалол яшаш имкониятига эга бўладиларми?
Kun.uz таҳририятига Хоразм вилояти, Урганч шаҳри Ал-Хоразмий кўчаси 52-уйда истиқомат қилувчи кишилардан тушган мурожаат мазмуни ҳам шу ҳақда. Унда 4 қаватли уйнинг канализация тизими нотўғри ўрнатилгани боис, ертўласи оқава сувлари ва чиқиндиларига тўлиб кетгани, санитария-гигиена ҳолати жуда ёмонлашиб, бу ҳолат бир неча йиллардан бери аҳолини қийнаб келаётгани ёзилган.
Бу уй «Хоразм дон маҳсулотлари» АЖ буюртмаси асосида «Жанубгазқурилиш» ташкилоти томонидан барпо қилинган ва 2014 йилда фойдаланишга топширилган. Биринчи қавати нотурар жой сифатида фойдаланиш учун мўлжалланган, 2-4 қаватларидаги хонадонлардан аҳоли турар жой сифатида фойдаланмоқда.
Шаҳарнинг қоқ марказидаги бу бинони кўздан кечирдик, нотурар ва турар жойларга кириб кўрдик, тадбиркорлар ва турар жой эгалари билан суҳбатлашдик, шикоятнинг ўринли экани маълум бўлди. Бинога киришингиз билан димоғингизга бадбўй ҳид урилади. Канализация тизимидаги авария натижасида, ертўласи оқава сувлар ва чиқиндиларга тўлиб ётибди. Бундан ташқари, хонадонларнинг деворларига зах ўтиб, сувоқлари тўкилиб, таъмирталаб бўлиб қолган.

Бинонинг 1-қаватида жойлашган инновацион мактаб ходимининг сўзларини эшитамиз.
«Биринчи қаватдаги нотурар жойни ижарага олиб, инновацион мактаб ташкил қилдик. Чиройли кўринишга келиши учун жуда катта маблағ сарфлаб, таъмирладик. Аммо канализация тизимидаги носозлик панд бермоқда – хоналар бадбўй ҳидга тўлиб, сассиғига ўтириб бўлмай қоляпти. Бу ҳолатдан ота-оналар ҳам норози. Яқинда таъмирланади, ҳаммаси яхши бўлади, деб уларни бир амаллаб тинчлантириб турибмиз. Бундан ташқари, ертўладаги зах туфайли, деворларнинг сувоқлари тушиб кетяпти, таъмирлаш учун сарфлаган маблағимиз ҳавога совурилмоқда», - деди у.

Компьютер ўйинлари клуби бошқарувчиси Рима Искандарова ҳам шу мазмундаги сўзларни айтди.
«Сассиқ ҳиддан бу хоналарда ўтириб бўлмай қолади. Мижозлардан номус қиламиз. Бундан ташқари, деворларимизга зах ўтиб кетган. Бир неча марта ўз ҳисобимиздан канализацияни таъмирладик. Аммо ҳар сафар усталар буни вақтинчалик эканидан огоҳлантиришмоқда. Чунки канализация тизими нотўғри ўрнатилган экан. Ёзда бу хоналардаги сассиқ ҳиднинг дастидан, чивин ва пашшалардан умуман ўтириб бўлмай қолади», - деди у.




















