Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни Тошкентда прописка қилиш тўғрисидаги йўриқномага қўшимчалар киритилади
|15:47 / 31.01.201911 12315 мин
Фото: KUN.UZФото: KUN.UZ
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Чет эл фуқаролари ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахсларни Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий ва вақтинча прописка қилиш тартиби тўғрисидаги йўриқномага ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги ҳужжат лойиҳаси жойлаштирилди.
Чет эл фуқаролари ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахсларни Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий ва вақтинча прописка қилиш тартиби тўғрисидаги йўриқномага киритилиши мумкин бўлган ўзгартириш ва қўшимчалар:
Қуйидаги мазмундаги 2-1-банд билан тўлдирилади:
“2-1.Чет эл фуқаролари ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахсларни Тошкент шаҳрида ва Тошкент вилоятида доимий ва вақтинча прописка қилиш тўғрисидаги Низом билан тасдиқланган “Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиниш ҳуқуқига эга бўлган шахслар – чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар тоифалари Рўйхати”га асосан Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиш тўғрисида илтимос қилиш ҳуқуқига эгадирлар.
Рўйхатда назарда тутилмаган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар тоифаси Тошкент шаҳрида ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилинмайди.”.
3-банд қуйидаги таҳрирда баён этилади:
“3. Хорижий давлатлардан келган, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида камида бир йил яшаган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий яшашга рухсат олиш учун туман (шаҳар) ички ишлар бошқармаси (бўлими)нинг (ТШИИБ) миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимига (МваФРБ) мурожаат этиши мумкин. Бунинг учун улар ТШИИБ М ва ФРБга қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:
мувофиқ шаклда икки нусхада ариза-анкета;
чет эл фуқаросининг паспорти ёки фуқаролиги бўлмаган шахснинг ҳаракатланиш ҳужжати;
уй-жой мулкдори (мулкдорлари)нинг турар жой майдони бериш тўғрисидаги аризаси (розилиги) ёхуд нотариал тасдиқланган аризаси (розилиги), агар шахсан ўзи бериш имкони мавжуд бўлмаса;
уй-жой учун ҳужжатларнинг нусхалари;
никоҳ тузилганлик, туғилганлик, ота-оналар вафот этганлиги тўғрисидаги гувоҳномаларнинг, шунингдек васийлик ёки ҳомийликни тасдиқлайдиган ҳужжатлар (нусхалари олиниб, асли қайтарилади);
тегишли давлат ҳокимияти органи, давлат ёки хўжалик бошқаруви органи, республика аҳамиятига молик бошқа давлат ташкилоти раҳбарининг илтимосномаси. (Рўйхатнинг 6-банди бўйича доимий прописка қилишда);
Мавзуга оид
хорижий давлатлар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан ёки хорижий давлатнинг Ўзбекистон Республикасидаги элчихонаси, консуллик муассасаси томонидан берилган, аввалги яшаш жойи бўйича судланмаганлиги тўғрисида маълумотнома (Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо давлатлардан келган хорижий фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахслар учун);
35 х 45 мм ўлчамли иккита фотосурат;
ҳужжатларнинг кўриб чиқилганлиги ва расмийлаштирилганлиги учун йиғим тўланганлиги тўғрисидаги квитанция.”.
5 ва 6-бандлар қуйидаги таҳрирда баён этилади:
“5. ТШИИБ М ва ФРБ ҳужжатлар қабул қилингандан сўнг икки ҳафта муддатда уларни расмийлаштиради, аризачининг вақтинча яшаш жойи бўйича текшириш ўтказади, унинг натижаси бўйича фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органи томонидан чет эл фуқаросининг ёки фуқаролиги бўлмаган шахснинг вақтинча прописка қилинган жойи бўйича яшаши тўғрисида, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи раиси, маҳалла фаоллари, профилактика инспектори, шахс яшаган уй эгаси томонидан имзоланадиган далолатнома тузилади. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Тезкор маълумотлар бошқармаси ва тегишлилиги бўйича Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасининг ва Тошкент вилояти Ички ишлар бошқармасининг Манзил маълумотнома бюросидан ариза берувчи ва турар жой эгасига доир тегишли маълумотлар сўраб олинади.
ТШИИБ МваФРБ томонидан барча ҳужжатлар олингач, чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахсга нисбатан шахсий йиғма иш жилди очилади ҳамда тўпланган ҳужжатлар бўйича маълумотнома тайёрланиб шахсий йиғма иш жилди билан бирга Тошкент шаҳар ИИББнинг Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармасига ёки Тошкент вилояти Ички ишлар бошқармасининг Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармасига юборилади.
Тошкент шаҳар ИИББ МваФРБ ёки Тошкент вилояти ИИБ М ва ФРБ томонидан уч иш куни мобайнида тақдим этилган ҳужжатларни текширади ва материалларни тегишли ваколатли органга юборади”.
“6. Тегишли ваколатли органнинг ижобий жавоби олинган тақдирда ИИББ М ва ФРБ ва ИИБ МваФРБ томонидан ўн кунлик муддатда ИИББ ёки ИИБ бошлиғи ўринбосари томонидан тасдиқланадиган хулоса тайёрланади ва материаллар ИИВ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармасига якуний хулоса чиқариш учун юборилади.
ИИВ МваФРББ ушбу масалани ҳал этишда тегишли ваколатли органнинг фикр-мулоҳазасини, зарурият бўлганда эса – Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг хулосасини сўраб олади ва бир ой муддат мобайнида ИИВ ўринбосари томонидан тасдиқланадиган хулоса чиқаради. Хулоса чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахснинг шахсий йиғма иш жилдига бириктирилган ҳолда тегишлилиги бўйича ИИББ М ва ФРБ ёки ИИБ М ва ФРБга ижро учун юборилади”.
10-банд биринчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилади:
“10. “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни (1992 йил 28 июль) кучга киргандан кейин Ўзбекистон Республикасига келган ва собиқ СССР намунасидаги паспортларга эга бўлган ёки уларни йўқотган, шунингдек ҳужжатларга эга бўлмаган (туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома бундан мустасно) ва ушбу Низомга иловада кўрсатилган Рўйхатга кирувчи узоқ вақт Тошкент шаҳрида ёки Тошкент вилоятида яшаётган шахслар шахсни тасдиқловчи ҳужжат олиш масаласи бўйича тегишли ТШИИБ М ва ФРБга мурожаат қилиб, қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади;”.
11-банд қуйидаги мазмундаги бешинчи хатбоши билан тўлдирилади:
“Рўйхатга кирмайдиган, Йўриқноманинг10-бандида кўрсатиб ўтилган шахслар, тегишли ҳужжатлар (фуқаролиги йўқ шахс учун яшаш гувоҳномаси ёки фуқаролиги йўқ шахс учун ҳаракатланиш ҳужжати) билан ҳужжатлаштирилиб, пойтахт минтақаси ёки республика ҳудудидан ташқарига чиқариб юборилади, ушбу тўғрисида улардан мазкур Йўриқноманинг 5-иловасига мувофиқ мажбуриятнома олинади”.
16 ва 17-бандлар қуйидаги таҳрирда баён этилади:
“16. Республиканинг бошқа минтақаларидан Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятига келган ҳамда яшаш гувоҳномасига эга бўлган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар доимий пропискани расмийлаштириш учун ТШИИБ М ва ФРБга қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:
мазкур Йўриқноманинг 6-иловасига мувофиқ шаклда икки нусхада ариза-анкета;
яшаш гувоҳномаси;
уй-жой мулкдори (мулкдорлари)нинг турар жой майдони бериш тўғрисидаги аризаси (розилиги) ёхуд нотариал тасдиқланган аризаси (розилиги), агар шахсан ўзи бериш имкони мавжуд бўлмаса;
уй-жой учун ҳужжатларнинг нусхалари;
никоҳ тузилганлик, туғилганлик, ота-оналар вафот этганлиги тўғрисидаги гувоҳномаларнинг, шунингдек, васийлик ёки ҳомийликни тасдиқлайдиган ҳужжатлар (нусхалари олиниб, асли қайтарилади);
тегишли давлат ҳокимияти органи, давлат ёки хўжалик бошқаруви органи, республика аҳамиятига молик бошқа давлат ташкилоти раҳбарининг илтимосномаси (рўйхатнинг 6-банди бўйича доимий прописка қилишда);
прописка қилинганлик учун давлат божи тўланганлиги тўғрисидаги квитанция”.
Қуйидаги мазмундаги 17-1 ва 17-2-бандлар билан тўлдирилади:
“17-1. ИИББ М ва ФРБ ёки ИИБ М ва ФРБ доимий прописка масаласи бўйича ижобий қарорга доир материаллар уч кунда доимий пропискани расмийлаштириш учун тегишли ТШИИБ М ва ФРБга юборади.
17-2. Тошкент шаҳар ИИББ ёки Тошкент вилояти ИИБнинг ижобий қарори Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятига республиканинг бошқа минтақаларидан келган, яшаш гувоҳномасига эга бўлган чет эл фуқароларига ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий пропискани расмийлаштириш учун асос ҳисобланади.
Яшаш гувоҳномасига эга бўлган ҳамда республиканинг бошқа минтақаларидан Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятига келган, чет эл фуқароларини ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятига доимий прописка қилишни рад этиш тўғрисидаги қарор ТШИИБ МваФРБ ёки ИИБ МваФРБ томонидан қабул қилиниши мумкин.”.
18–22-бандлар қуйидаги таҳрирда баён этилади:
“18. Яшаш гувоҳномасига эга бўлган ҳамда республиканинг бошқа минтақаларидан Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятига келган чет эл фуқароларига ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиш рад этилган тақдирда ҳужжатлар уч иш куни мобайнида ТШИИБ МваФРБга қайтарилади, у бир сутка мобайнида ушбу қарорни аризачига етказади. Аризачи рад жавоби берилганлиги ҳақидаги хабарни олгандан сўнг қолиш учун асослар мавжуд бўлмаган тақдирда уч сутка мобайнида Тошкент шаҳри ёки Тошкент вилояти ҳудудини тарк этиши шарт.
Қуйидагилар юқорида кўрсатилган тоифадаги шахслар Тошкент шаҳри ёки Тошкент вилоятида кейинчалик вақтинча бўлишлари учун асос ҳисобланади:
қонун ҳужжатларига мувофиқ сотиб олинган турар жой мавжуд бўлганда;
яқин қариндошлар (эр, (хотин), ота-она, фарзандлар) мавжуд бўлганда;
васийлар (ҳомийлар) мавжуд бўлганда;
меҳнат фаолияти билан шуғулланганда, таълим муассасаларида ўқиганда;
даволаш муассасаларида даволанаётганда.
Тошкент шаҳрида уй-жойнинг олди-сотди битимларини, алмашиш, рента, умрбод таъминлаш шарти билан ўзгага бериш ва ҳадя қилишни нотариал тасдиқлаш ва давлат рўйхатидан ўтказиш, шунингдек Тошкент шаҳридаги турар жой ёхуд турар жой бўлмаган бино шаклидаги кўчмас мулкни (кўчмас мулкнинг бир қисмини) гаровга (ипотекага) қўйиш, воз кечиш ва ўзгага беришнинг бошқа усуллари қуйидаги ҳолларда амалга оширилади, агар сотиб олувчи томон чет эл фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахс:
Тошкент шаҳрида доимий пропискага эга бўлса;
Тошкент шаҳри ҳудудида камида уч йил доимий яшаб турган (лавозимда бўлган) ва Рўйхатнинг 2, 3 ва 6-бандларига мувофиқ Тошкент шаҳрида доимий прописка қилинган чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахс ҳисобланса ва доимий пропискаси борлиги тўғрисида ички ишлар органининг маълумотномасини тақдим этса.
Тошкент вилоятида уй-жойнинг олди-сотди битимларини, алмашиш, рента, умрбод таъминлаш шарти билан ўзгага бериш ва ҳадя қилишни нотариал тасдиқлаш ва давлат рўйхатидан ўтказиш, шунингдек Тошкент шаҳридаги турар жой ёхуд турар жой бўлмаган бино шаклидаги кўчмас мулкни (кўчмас мулкнинг бир қисмини) гаровга (ипотекага) қўйиш, воз кечиш ва ўзгага беришнинг бошқа усуллари қуйидаги ҳолларда амалга оширилади, агар сотиб олувчи томон чет эл фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахс:
Тошкент шаҳри ёки Тошкент вилоятида доимий пропискага эга бўлса;
Тошкент шаҳри ёки Тошкент вилояти ҳудудида камида уч йил доимий яшаб турган (лавозимда бўлган) ва Рўйхатнинг 2, 3 ва 6-бандларига мувофиқ Тошкент шаҳрида доимий прописка қилинган чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахс ва ички ишлар органининг доимий пропискаси борлиги тўғрисидаги маълумотномасини тақдим этса.
Тошкент шаҳрида доимий прописка қилинган ва яшаш гувоҳномасига эга бўлган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида бошқа манзилга доимий пропискага ўтиш масаласида мурожаат қилган тақдирда, ҳужжатлар ТШИИБ МваФРБда ваколатли органлар билан келишилмасдан кўриб чиқилади.
Кўчмас мол-мулкларни олди-сотди битимларини нотариал тасдиқлаш ва давлат рўйхатидан ўтказиш:
Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятига республиканинг бошқа минтақаларидан келган ва ўша минтақаларда доимий пропискага эга бўлган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар томонидан Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида қиймати энг кам ойлик иш ҳақининг 2500 бараваридан кам бўлмаган янги қурилган кўчмас мол-мулкни ҳисоб-китобни банк ҳисобварақлари орқали амалга оширган ҳолда сотиб олганда;
Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятига бошқа давлатлардан келган ва яшаш гувоҳномасига эга бўлган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар томонидан Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида қиймати 600 млн. сўмдан кам бўлмаган янги қурилган кўчмас мол-мулкни ҳисоб-китобни банк ҳисобварақлари орқали амалга ошириб сотиб олганда ҳам амалга оширилади.
Ушбу Йўриқнома мақсадлари учун янги қурилган кўчмас мол-мулк деганда мулк ҳуқуқи туман (шаҳар) ҳокимининг қурилиши тугалланган бинони ва иншоотни фойдаланишга қабул қилиш тўғрисидаги комиссия далолатномасини тасдиқлаш ҳақидаги қарори асосида вужудга келган ва уни қабул қилинган пайтдан эътиборан уч йил ўтмаган мол-мулк тушунилади.
31-бандда:
олтинчи хатбошидан “нотариал тасдиқланган” деган сўзлар чиқариб ташланади;
еттинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилади:
“уй-жой мулкдори (мулкдорлари)нинг турар жой майдони бериш тўғрисидаги аризаси (розилиги) ёхуд нотариал тасдиқланган аризаси (розилиги), агар шахсан ўзи бериш имкони мавжуд бўлмаса;”.
34-бандда:
бешинчи хатбошидан “нотариал тасдиқланган” деган сўзлар чиқариб ташланади;
“уй-жой мулкдори (мулкдорлари)нинг турар жой майдони бериш тўғрисидаги аризаси (розилиги) ёхуд нотариал тасдиқланган аризаси (розилиги), агар шахсан ўзи бериш имкони мавжуд бўлмаса;”.
50-банд қуйидаги таҳрирда баён этилади:
“50. Вақтинча пропискани такрорий расмийлаштириш масаласини кўриб чиқиш ТШИИБ МваФРБ томонидан амалга оширилади. Бунинг учун чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар вақтинча прописка муддати тамом бўлишидан ўн беш кун олдин ТШИИБ МваФРБга қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:
мазкур Йўриқноманинг 8-иловасига мувофиқ шаклда ариза;
яшаш гувоҳномаси ёки фуқаролиги бўлмаган шахснинг ҳаракатланиш ҳужжати;
туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома – 16 ёшга тўлмаган шахслар учун;
уй-жой учун ҳужжатларнинг нусхалари;
уй-жой мулкдори (мулкдорлари)нинг турар жой майдони бериш тўғрисидаги аризаси (розилиги) ёхуд нотариал тасдиқланган аризаси (розилиги), агар шахсан ўзи бериш имкони мавжуд бўлмаса;
прописка қилинганлик учун давлат божи тўланганлиги тўғрисидаги квитанция.
Ариза рўйхатдан ўтказилгандан, шунингдек ҳужжатлар белгиланган тартибда ўрганиб чиқилгандан ва расмийлаштирилгандан кейин ТШИИБ МваФРБ бир сутка мобайнида чет эл фуқаросига ва фуқаролиги бўлмаган шахсга вақтинчалик пропискани расмийлаштиради.”.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкентда доимий прописка қилиш тартибида ўзгаришлар юз бериши мумкин экани хабар қилинганди.