Ҳар куни телеканалларимиз орқали конвертларда пора олиб қўлга тушаётган кичик амалдорлар ҳақидаги лавҳаларни томоша қиламиз. Пора шу пайтгача ҳам олинган, олинмоқда ва келажакда ҳам олинаверади. Тарих ва ҳозирги замон шундай катта ҳажмдаги коррупция можароларига гувоҳ бўлганки, беихтиёр «Ўғри бўл – инсофли бўл» деган мақол эсга тушади.
Император Пётр I’нинг қизидан ҳам пора олган Князь Меншиков

Александр Данилович Меншиков ислоҳотчи император Пётр I’нинг барча давлат ва ҳарбий ишларида асосий ёрдамчиси бўлган. Энг қизиғи, императорнинг ўзи ҳам «буюк князь» деб улуғланувчи Меншиковнинг порахўрлигини яхши биларди ва «ўғри бўлса ҳам содиқ хизматчи» дея ҳазиллашиб қўярди. Пётр I ўз даврида порахўрликка қарши турли усулларда курашиб кўрган, аммо бу курашлар негадир асл унвони «буюк князь» бўлса-да, халқ орасида «буюк таъмагир» деб аталувчи Меншиковни четлаб ўтаверарди. Князь урушлар пайтида шаҳарларни таламаслик учун ўша шаҳарлар одамларидан, таланган шаҳарлар учун эса ҳарбий офицерлардан пора оларди. Айниқса, Санкт-Петербург шаҳри ва Кронштадт қурилишида Меншиков хазинадан истаганича пул олиш ва сарфлар тўғрисида ҳисоб бермаслик ҳуқуқини олди ҳамда ақл бовар қилмас бойликларни ўмарди.
Ҳатто Пётрнинг қизи Аннанинг тўйи муносабати билан император ўз қизига 300 минг рубль тўёна қилганида Меншиков бу пулдан 80 мингини узатиши шартлигини, у бўлмаса Анна тўёнани тушида ҳам кўрмаслигини айтади ва ... бу пулни олиб қолади.
Давлат мураккаб даврларни бошдан кечираётганда, бўшаётган хазинани тўлдириш учун Меншиков Пётр I’га «ажойиб» маслаҳат беради. Унга кўра, олтин ва кумуш тангаларга сифати паст металл қўшилади. Буёғи осон, пулнинг қадрсизланиши шоҳнинг эмас, халқнинг муаммоси.
Пётр I вафотидан сўнг Меншиковнинг ҳамма бойлиги мусодара қилинади, ўзи эса сургун бўлади. Мусодара қилинган бойликлар ҳажми даҳшатли эди: 6та шаҳар, 100дан ортиқ қишлоқлар, 36та уезддаги поместьелар, 90 минг деҳқон. Ундан ташқари, 3 сандиқ қимматбаҳо тошлар, 2 тоннага яқин олтин ва бир неча миллион рубль хазинага топширилади.
Шунда ҳам Меншиков 9 миллион рублни Амстердам ва Лондон банкларига яширишга улгуради. Аммо бу пулларнинг тақдири номаълум.









