Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Ўзбекистон Республикаси фуқароларини Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиш тартиби тўғрисидаги йўриқномага ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги ҳужжат лойиҳаси жойлаштирилди.

Ўзбекистон Республикаси фуқароларини Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиш тартиби тўғрисидаги йўриқномага киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчаларга кўра, доимий пропискага эга бўлиш учун фуқаролар давлат хизматлари кўрсатишнинг соддалаштирилган тартибини таъминлайдиган электрон тизим орқали мурожаат қилишлари мумкин.

Шунингдек, Фуқаролар қонун ҳужжатларига мувофиқ, доимий яшаш жойларида пропискадан ўтишлари ва/ёки турган жойларида ҳисобда туришлари шарт.

Агар қонун ҳужжатларида бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, турган жойи бўйича ҳисобга олинмаганлиги ёки доимий пропискада турмаганлиги фуқарога хизмат кўрсатишни рад этиш учун асос деб ҳисобланиши мумкин эмас. Фуқаролар янги яшаш жойига келган кунларидан бошлаб беш кун ичида доимий пропискада туриш ёки ҳисобга қўйиш учун ҳужжатлар тақдим этишлари шарт.

16 ёшга тўлмаган шахсларни доимий прописка қилиш ва ҳисобга олиш уларнинг ота-оналари ёки уларни ўрнини босувчи шахсларнинг хоҳишига кўра ихтиёрий асосда амалга оширилади.

Фуқаро рўйхатдан чиқиш учун ТШИИББ МваФРБга қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 16 февралдаги 41-сонли қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси фуқароларини Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиш ва турган жойи бўйича ҳисобга олиш тартиби тўғрисида Низомнинг 2-иловасига мувофиқ шакл бўйича ариза;

паспорт ёки туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома;

мудофаа ишлари бўлимидан ҳисобдан чиқарилганлиги ҳақида белги бўлган ҳисоб-ҳарбий ҳужжатлар;

уй дафтари ёки қайд этиш карточкаси ва квартиралар бўйича карточка;

рўйхатдан чиқарганлик учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган миқдорда давлат божи тўланганлиги тўғрисидаги квитанция.

Озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахсларни рўйхатдан чиқариш маҳкумнинг ишончномаси асосида ёки уй-жой биносидан фойдаланиш ҳуқуқини йўқотганлик ҳақидаги суд қарорига мувофиқ амалга оширилади.