Ўзбекистон | 08:45 / 01.02.2019
9755
2 дақиқада ўқилади

Навоийда ТАТУ филиалини очиш таклифи берилди

Фото: ТАТУ

“Менинг фикрим” жамоавий мурожаатлар порталида Навоий шаҳрида Тошкент ахборот технологиялари университетининг Навоий филиалини очиш тўғрисида петиция пайдо бўлди.

Қайд этилишича, Навоий вилояти табиий ресурсларга бой ҳудуд бўлиб, вилоятда йирик саноат корхоналари фаолият кўрсатмоқда. Шунингдек, 2008 йилда вилоятда Навоий эркин индустриал-иқтисодий зонаси ташкил этилиб, Жанубий Корея, Ҳиндистон, Хитой ва Сингапур каби хорижий ҳамкорлар билан кенг кўламли фаолият олиб борилмоқда. Ушбу ҳудудда жойлашган саноат корхоналари ва бошқа давлат ҳамда хусусий ташкилотлар фаолиятида замонавий ахборот технологиялари кенг қўлланилмоқда. Олиб келинаётган технологияларнинг кўпчилиги интеллектуал тизимларга асосланган, яъни компьютерлар бошқарувида ишлайди ва бу, ўз навбатида, ҳудудда ахборот технологиялари соҳасидаги мутахассисларни талаб қилади. 

“Шунинг учун, Навоий шаҳрида Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университетининг филиали ташкил қилинса, Навоий ва Бухоро вилоятлари ёшлари учун замонавий касбни эгаллашлари, натижада Республикамиз иқтисодиётини янада ривожлантиришга ўз ҳиссаларини қўшишга замин яратилган бўлар эди”, - дейилади мурожаатда.

Билдирилишича, ҳозирги кунда вилоятда 2 та олий ўқув юрти фаолият кўрсатмоқда, бу эса вилоят салоҳиятига нисбатан жуда паст кўрсаткич ҳисобланади. Масалан, 2018-2019 ўқув йили учун иккита олий ўқув юрти кундузги бўлимига 20 мингдан ортиқ абитуриент ҳужжат топширган бўлиб, шундан 2 минг 700 дан ортиғи талабаликка қабул қилинган.

“Навоий шаҳрида Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети филиалининг ташкил этилиши натижасида Навоий ва Бухоро вилояти ҳудудидаги саноат корхоналарини, шунингдек бошқа тармоқларни ахборот технологиялари бўйича зарур мутахассислар билан таъминлашга эришилади, шунингдек кўпгина иқтидорли ёшлар олий таълим муассасасига қамраб олинади. Шу сабабдан, мазкур филиал очилишини қўллаб-қувватлашингизни сўрайман”, - деб ёзади петиция муаллифи.

Мавзуга оид