Ўзбекистон | 11:34 / 01.02.2019
15511
2 дақиқада ўқилади

Олмалиқ, Ангрен ва Чирчиқ шаҳарларининг бош режаси тасдиқланди

Ҳукуматнинг тегишли қарорлари билан Олмалиқ, Чирчиқ шаҳарларининг 2035 йилгача, Ангрен шаҳрининг 2032 йилгача бўлган даврга мўлжалланган бош режалари тасдиқланди. Бу ҳақда ҳукуматнинг тегишли қарорида маълум қилинган. 

Қарорларга мувофиқ, Олмалиқ, Чирчиқ ва Ангрен шаҳарлари комплекс қурилади. Шаҳар ерларидан мақсадсиз фойдаланишга ва ноқонуний қурилишларни амалга оширишга йўл қўймаслик бўйича қатъий назорат ўрнатилади.

Умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари ва магистрал кўчалар, йўл ўтказгичлар ва автобекатлар қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлашни ҳисобга олган ҳолда йўл-транспорт инфратузилмаси тизими такомиллаштирилади.

Шунингдек, энергия тежайдиган замонавий технологияларни жорий этиш йўли билан сув таъминоти, канализация, электр, газ, иссиқлик таъминоти модернизация қилиш назарда тутилмоқда. 

Ҳудудларнинг шаҳарсозлик қиёфасини шакллантирувчи майдонлар, хиёбонлар ва боғлар реконструкция қилинади ва янгилари қурилади. Шаҳарларнинг атроф-муҳитини муҳофаза қилиш тизими ишлаб чиқилади.

Қарорда таъкидланишича, Оҳангарон ва Олмалиқсой, Дункентсой ва Карабаусой дарёлари ўзанларини ободонлаштириш тадбирлари амалга оширилади. Қуриладиган массивларнинг батафсил режалаштириш лойиҳалари ишлаб чиқилади. Бундан ташқари, уй-жойлар қурилишини ва бошқа объектларни экология жиҳатдан ноқулай ҳудуддан бошқа жойга кўчириш тадбирлари амалга оширилади. 

Тошкент вилояти ҳокимлиги Олмалиқ, Ангрен ва Чирчиқ шаҳарларининг тасдиқланган бош режаси асосида Олмалиқ шаҳри чизиғи лойиҳасини 2019 йил 1 июлгача Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасига белгиланган тартибда тақдим этади. ​

Мавзуга оид