«Ҳар бир тадбиркор билан «Сиз» деб гаплашамиз. Одамлар бой бўлмаса, давлат бой бўла олмайди. Тадбиркор бўлиш, пул топиш ва банк билан ишлаш осон эмас. Унинг учун ўқиш керак, қўлга қалам олиш керак», - деб айтган эди президентимиз  Шавкат Мирзиёев ўз маърузаларидан бирида.

Президентнинг тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга қаратилган сиёсати ўлароқ, тадбиркорларга иқтисодиётни ривожлантиришдаги бўғин сифатида қарала бошланди. Масалан, улар бирор соҳада ишлаб чиқаришни йўлга қўяди, янги иш ўринлари яратилади, давлатга солиқлар тўланади ва давлатда пул айланишининг салмоғи янада ортади. Иқтисодиётни ривожлантиришда тадбиркорларнинг ўрни жуда муҳим ҳисобланади.

Бироқ, ҳамон жойларда янгича сиёсат мазмунини тушунмай келаётган мансабдор шахслар учраб турибди. Яқинда Kun.uz таҳририятига Хоразм вилоятидан мурожаат келиб тушганди. Унда туризмни ривожлантириш мақсадида тадбиркор қураётган меҳмонхона биноси ҳеч қандай асосларсиз бузиб ташлангани айтилганди. Ушбу  мурожаатни жойига бориб ўрганишга қарор қилдик.

Видео: Mover (tas-ix)

Видео: Youtube

 

Маълум бўлишича,  2017 йилнинг 17 ноябрь санасида шаҳар ҳокими қарори билан «Хоразм Беклари» масъулияти чекланган жамиятига Урганч шаҳар 28-сон «Темир йўлчи» маҳалласи ҳудудидан (темир йўл вокзал олди майдони ҳудуди) тасдиқланган лойиҳага мувофиқ биринчи қавати ресторандан иборат кўп қаватли меҳмонхона биноси қурилиши учун ер майдони ажратилади. Тегишли рухсатнома ва хулосалар олингач, тадбиркор қурилиш ишларини бошлайди.

Бироқ, 2018 йилнинг 1 декабрида ҳудудга шаҳарнинг янги ҳокими Шуҳрат Абдуллаев келади ва деярли битиш арафасида бўлган бинони ҳеч қандай огоҳлантириш ва ҳужжатларсиз, оғзаки топшириқ билан буздиришни бошлайди.

Шуҳрат Абдуллаев

Тадбиркорнинг айтишича, лойиҳани амалга ошириш учун Халқ банкидан 6,5 миллиард сўм кредит олинган. Шу вақтга қадар бинони кўтариш учун 4 миллиард сўмга яқин кредит ва 1 миллиард сўмдан ортиқ ўз ҳисобидан маблағ сарфланган.