АҚШ президенти Дональд Трамп президентлик лавозимида жуда кўп пул йўқотгани ҳақида айтди. Бу гап кутилганидек шов-шувларга сабаб бўлди. Бироқ президентнинг бу гапи у давлат раҳбари бўлгач ўз бизнесини ташлаб қўйганидан афсусланаётганини билдирмайди.
«Менга 1$ маош ҳам бўлаверади»
Трамп АҚШ президентлигига киришгач, ундан маоши ҳақида сўрашди ва сиёсатчи шундай жавоб берди: «Мен сайловолди чиқишларимда айтганимдек, президентлик лавозимида маош олмайман. Қонунан менга нимадир тўлашлари керак ва мен йилига 1 доллар кифоя қилади деб ўйлайман». Ҳа, ҳар қанча ғалати кўринмасин, йиллик ялпи ички маҳсулот ҳажми 19 триллион доллардан кўп бўлган мамлакат раҳбари бир йилда 1 доллар маош олади.
Бу бизнинг пулга «чақсак», тахминан 8 500 сўм дегани. Бу пулни 12 ойга тақсимласак, АҚШ тарихидаги энг ғалати президент бўлган Дональд Трамп 700 сўм атрофида ойликка «тирикчилик қилади». Чиндан ҳам ғалати, тўғрими? Бироқ АҚШда мамлакат тарихига ўз номини қолдириш ҳар қандай миқдордаги пулдан афзал эканини инобатга олсак, аслида ҳаммаси тушунарли. Трампнинг таъбири билан айтганда, 70 ёшдан ошган бир вақтда унга шу вақтгача топганлари ҳам етиб-ортади.
515та актив ва 3,1 миллиард доллар бойлик
Дональд Трамп нима учун мамлакат президентлигида маошдан воз кечгани тушунарли ҳолат. Чунки бугунги кунда унинг бойлиги 3,1 миллиард долларга баҳоланади. Бу пул билан Трамп дунё бойлари юзлигига кира олмаслиги мумкин, лекин умрининг қолган қисмини бемалол фаровонликда ўтказа олади. Трампнинг номига 515та актив расмийлаштирилгани маълум. Қизиғи, улардан 264тасида бевосита Трамп сўзини учратасиз: «The Trump Organization», «Trump Tower», «Trump Ice», «Trump Carousel», «Trump Classic Cars» ва ҳоказо. Унинг асосий бизнеси қурилиш ҳисобланади. Яъни, «The Trump Organization». Бу корхона асосан уй, меҳмонхона, гольф-клуб, казино қуриш билан шуғулланади. Трампнинг асосий бизнеси ҳисобланган «The Trump Organization»га 1923 йилда бўлажак президентнинг бувиси Элизабет ҳамда отаси Фред асос солишган. Кўриб турганингиздек, Трамп янги бойлардан эмас ва унинг 1 доллар маошга ишлаётганидан ажабланмаса ҳам бўлади.
Трамп 2017 йилгача, яъни АҚШ президентлигига киришгунига қадар барча корхоналарининг раҳбари ҳисобланган. Президентлик курсисида туриб бизнесни бошқариш мумкин бўлмагани сабаб раҳбарликни фарзандлари кичик Дональд, Иванка ва Эрикка қолдиради. Трампнинг деярли барча корхоналари унга тегишли «Trump Tower» биносида жойлашган. «Forbes» бу бинони 318 миллион долларга баҳолаган ва у АҚШдаги энг қиммат бинолардан бири ҳисобланади. Трамп 2015 йил президентлик сайловларида қатнашишини айнан мана шу жонажон биносида маълум қилганди.
Трамп парфюмерия бизнесида ҳам ўз ўрнига эга. «Empire» ҳамда «Success» атирлари айнан Трампнинг корхоналарида ишлаб чиқарилади. Унга шуҳрат олиб келган тармоқлардан бири эса шубҳасиз, «Trump Models» ҳисобланади. Дунёга машҳур «Коинот гўзали» танлови 1996-2015 йилларда айнан Трампнинг муассислигида ўтган.














