Ўзбекистон | 01:25 / 05.02.2019
2610
3 дақиқада ўқилади

Ахборот соҳаси ва оммавий коммуникацияларни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари нималарга сарфланади? 

  • Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ахборот соҳаси ва оммавий коммуникацияларни янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони имзоланди. Фармонга кўра Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги негизида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ташкил этилди. Шунингдек, юридик шахс ташкил этмаган ҳолда Ўзбекистон Республикасининг ахборот соҳаси ва оммавий коммуникацияларни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш жамғармаси тузилмоқда. Президент фармони билан мазкур жамғарма маблағлари қуйидагиларга сарфланиши белгиланмоқда:
    • давлат ва нодавлат оммавий ахборот воситаларини ривожлантиришни рағбатлантириш ва уларнинг фаолиятини қўллаб-қувватлаш, шунингдек, тармоқ корхоналарининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш;
    • китоб мутолааси маданиятини ошириш, ўзбек адабиётини оммалаштириш, ахборот-кутубхона муассасаларининг китоб фондини ривожлантириш, нашриётларнинг ўқув ва адабий материаллари касбий ва бадиий савиясини ошириш бўйича лойиҳа ва дастурларни молиялаштириш;
    • хорижда Ўзбекистоннинг ижобий имижини тарғиб этиш, ахборот кампанияларини ўтказиш, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг бориши, яратилган қулай шароитлар ва ишбилармонлик муҳитининг яхшиланиши тўғрисида, аввало, хорижий ишбилармон доиралар, тадбиркорлар, салоҳиятли инвесторлар, давлат ва жамоат арбоблари орасида тарғибот олиб бориш ва уларни кенг хабардор қилиш;
    • журналистлар ҳамда оммавий ахборот воситалари, матбуот, ноширлик-матбаа корхоналари ва ахборот-кутубхона муассасалари ходимларини, шу жумладан, мамлакатимиздан ва хориждан мутахассислар жалб этиш, хорижда ўқув стажировкаларини ташкил этиш орқали тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тадбирларини молиялаштириш;
    • Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, унинг ҳудудий ва таркибий бўлинмаларининг ходимларини моддий рағбатлантириш ва моддий-техник базасини мустаҳкамлаш;
    • Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигига юкланган вазифаларни бажариш доирасида давлат органлари ва бошқа ташкилотлар, нодавлат нотижорат ташкилотлар, илмий ва таълим муассасалари, етакчи халқаро ташкилотлар ва хорижий компанияларнинг юқори малакали ходимларини, шунингдек, жумладан хорижий мутахассисларни маслаҳатчи сифатида жалб этиш бўйича харажатларни қоплаш.
    Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда бир ой муддатда Ўзбекистон Республикасининг ахборот соҳаси ва оммавий коммуникацияларни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низомни белгиланган тартибда тасдиқлайди, унда, жумладан Агентликка идоравий мансуб корхоналарнинг соф тушумидан маблағларнинг бир қисми бевосита Жамғармага йўналтирилиши назарда тутилади.
Шуҳрат Шокиржонов
Тайёрлаган Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид