Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев бошчилигида ҳарбий соҳада амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар миллий армиямиз нуфузини янада юксалтириш, унинг фаолиятини замон руҳига монанд йўлга қўйиш, ҳарбий хизматчиларни ижтимоий қўллаб-қувватлашда муҳим аҳамият касб этмоқда. Бу жиҳатлар ҳарбий хизматчилар учун янги намунадаги ҳарбий кийим-бош яратиш борасидаги амалий саъй-ҳаракатларда ҳам ёрқин ифодасини топмоқда.
Ҳарбий кийим-бошни яратиш бўйича ишлар Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти қошидаги Формали кийим-бошни лойиҳалаштириш бўйича илмий лабораторияда соҳанинг малакали ходимлари иштирокида иш олиб борилмоқда. Ҳозирги кунга келиб Мудофаа вазирлиги, Ҳарбий прокуратура, Президент Давлат хавфсизлиги хизмати, Давлат божхона қўмитаси, Давлат хавфсизлик хизмати, ДХХ Давлат чегарасини қўриқлаш қўмитаси ҳарбий хизматчилари ва ходимлари учун дастлабки намунадаги ҳарбий кийим-бош ҳамда фарқловчи белгиларнинг (атрибутикалар) эскиз лойиҳалари тайёрланди. Бундай кенг қамровли ва ўта масъулиятли вазифани бажаришга малакали дизайнерлар, психологлар, либос конструкторлари, технологлар, олимлар ҳамда мазкур йўналишда улкан тажрибага эга ҳарбий хизматчилар ва соха ходимлари жалб этилганини таъкидлаб ўтиш ўринлидир. Мазкур йўналишдаги барча таклиф ва мулоҳазалар, тавсиялар пухта, ҳар томонлама чуқур таҳлил этилмоқда.


Таҳлилларга кўра, ҳарбий кийим-бош тайёрлашда фойдаланилаётган мато ва материалларнинг меъёрий талабларга мос эмаслиги, ҳарбийлар кийим-боши ўлчамларида қўшимчаларни қўллашда, эргономик кўрсаткичларни инобатга олишда, ҳарбий хизматчиларнинг жанговар кийим-бошларини тўкис таъминлашда, ҳарбий гардероб тўпламида баъзи камчиликлар кузатилган, бу жараёнга мутлақо илмий ёндашилмаганлик каби ҳолатлар аниқланган. Соҳа мутахассисларининг фикрича, шу вақтга қадар ҳарбий кийим-бош иқлим, атроф-муҳит, табиий шароитларга мувофиқ мавсум бўйича ажратиш, ҳарбий фаолиятнинг ўзига хослиги, бош кийим, пойабзал, қўшимча воситалар тайёрлаш жараёни замонавий талабларга жавоб бермас эди. Ваҳоланки, жаҳоннинг аксарият давлатларида, етакчи ҳарбий тузилма ва ташкилотларида минглаб олимлар, мутахассислар, экспертларни жалб этган ҳолда ҳарбий кийим-бош тайёрлашда кенг қамровли, тизимли ва комплекс тарзда ёндашиш амалиёти мавжуд.
















