Ўзбекистон Республикаси Президенти “Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорациясининг “Бизнес юритиш” йиллик ҳисоботида Ўзбекистон Республикасининг рейтингини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорни имзолади. Ҳужжат матни ЎзА томонидан келтирилган.
Қарор билан қуйидагилар:
а) Жаҳон банки ва бошқа халқаро молиявий институтлар билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорациясининг “Бизнес юритиш” йиллик ҳисоботида Ўзбекистон Республикасининг рейтингини янада яхшилаш бўйича “Йўл харитаси”;
б) 2022 йилга келиб республиканинг 20-ўринга эришишини назарда тутувчи Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорациясининг “Бизнес юритиш” йиллик ҳисоботида Ўзбекистон Республикаси рейтингини яхшилашнинг “Бизнес юритишни яхшилаш – 2022” мақсадли кўрсаткичлари тасдиқланди.
2019 йил 1 мартдан бошлаб шундай тартиб ўрнатиладики, унга мувофиқ:
а) тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш соҳасида – банклар Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш бўйича молиявий чоралар ишлаб чиқувчи гуруҳнинг (ФАТФ) талабларидан келиб чиқиб, ариза берувчиларни масофадан туриб идентификация қилиш учун зарур бўлган шарт-шароитлар мавжуд бўлганда таъсисчилари Ўзбекистон Республикаси резидентлари ҳисобланган юридик шахсларга ва якка тартибдаги тадбиркорларга уларни давлат рўйхатидан ўтказиш жараёнида банк ҳисобрақамларини масофадан туриб очиши мумкин;
б) қурилиш учун рухсатномалар олиш соҳасида:
ер участкасида қурилиши тақиқланган ёки рухсат этилган объектлар турларининг тўлиқ рўйхатини мажбурий тарзда кўрсатиб, “E-IJRO AUKSION” электрон савдо майдончасига аукцион орқали қўйилганда, ер участкаларидан мақсадли фойдаланиш тартиби бекор қилинади;
қурилиш органларига архитектура-шаҳарсозлик кенгашларининг лойиҳа-смета ҳужжатларини келишиш функциялари ушбу кенгашларда фақат тарихий ҳудудлар, шу жумладан, маданий мерос ёдгорликларини қўриқлаш ҳудудлари, шунингдек, давлат объектларининг лойиҳа-смета ҳужжатларини келишиш функцияларини сақлаб қолган ҳолда ўтказилади;
“E-IJRO AUKSION” электрон савдо майдончасида аукцион орқали реализация қилинган ер участкаларидаги қурилиш объекти фойдаланишга топширилганидан сўнг амалга ошириладиган топографик ва махсус суратга олишларни (зарур ҳолларда) янгилаш ишларининг қиймати ер участкаларини реализация қилишдан тушган маблағлар доирасида ер участкалари ва кўчмас мулк эгалари фаолиятига аралашмаган ёки тўсқинлик қилмаган ҳолда тўланади;















