Бирор танқидий мавзуни ёритаётганда миянгда минг ўй кечади. Ўқиган одам «Мухбир мана шу жойда «майдалашибди». Тузук-қуруқ муаммо топса бўларди-ку?», демасмикин деган ўйда хижолат ҳам бўласан. Чунки, журналист учун жуда жиддий муаммо бўлиб кўринган жиҳат, кимларгадир ҳеч нарсани англатмаслиги мумкин. Нима бўлса ҳам бугунги мақоламиздаги уч муаммо жамият ва кишилар учун бир қадар долзарблигига ишонтиришга ҳаракат қиламиз.

Kun.uz таҳририятига Андижон вилояти, Марҳамат тумани марказидаги серқатнов бўлган Мустақиллик кўчасида пиёдалар йўлакчаси ўртасига савдо дўкони ва бекат қурилаётгани, туман марказида яна бир талай муаммолар мавжудлиги ҳақида мурожаат келиб тушди. Арзномачиларни маҳтал қилмай, Андижоннинг чекка тумани томон йўлга чиқдик.

«Мухбир ака, зап келдингиз!»

Асака орқали йўл билан Марҳамат туман марказига етиб келиб, «тротуардаги бекат муаммоси»ни ўрганишга чоғланаётганимизда, турнақатор турган такси ҳайдовчиларидан бир гуруҳи ёнимизга келди. Улар саломлашгач, «Мухбир акалар, бекатдан ҳам муҳимроқ муаммоларимиз бор.  Ёрдам берасизларми? Бизга ўн дақиқа вақт ажратсаларинг бўлди?», дея гап бошлашди.

Улардан бири, «Агар мумкин бўлса, машинамда шаҳарни бир айланиб келсак», дея қаттиқ туриб олгач, улар билан шаҳар кезгани чиқдик.

Дарҳақиқат, кейинги ўн дақиқа давомида шаҳар айланиб, таксичи йигитлар бизга туман марказидаги энг долзарб муаммолардан бирини кўрсатганига амин бўлдик. Улар бизни марказнинг Туркистон МФЙ ҳудудидаги (аҳоли бу жойларни «Черёмушка» дер экан) кўп қаватли уйларга олиб борувчи йўлларнинг аҳволини кўрсатишди.

Мазкур ҳудуддаги йўлларнинг, йўл деган номи бор холос. Аҳоли ва транспорт қатнови учун яроқсиз мана шу «сўқмоқ»лардан ишга қатнаётган кишилар, мактабга бораётган болажонларга раҳмингиз келади.