“Ўзавтосаноат” раисининг ўринбосари Азизбек Шукуров автомобилларга божларни пасайтиришда ўта ҳушёр бўлиш кераклигини таъкидлаб ўтди. "Мен буни бошқача атаган бўлар эдим. Монополистнинг ўз монопол ҳолатини таъминлаб бераётган божхона божларини пасайтириш ёки пасайтирмаслик ҳақидаги фикрларни эшита туриб ўта диққатли ва ҳушёр бўлиш лозим".

Жаноб Шукуров ўз позициясини асослантириш учун қўйидаги далилларни келтирган:
- Йилига 200–250 минг автомобиль ишлаб чиқариш қувватига эга бизнинг автосаноатимиз йилига 10 миллион автомобиль ишлаб чиқарувчи Volkswagen билан рақобатга кириша олмайди, чунки 10 миллионта машина ишлаб чиқарилганда 200–250 мингта ишлаб чиқарилган ҳолатга нисбатан битта автомобилнинг таннархи албатта паст бўлади (миқёс эффекти деган нарса амал қилади).
- Бутун дунёда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ҳимоя қилинади. Шу сабабли биз ҳам шундай йўл тутишимиз керак. Невада штати губернатори томонидан Tesla компаниясига электромобиллар учун литий-ионли Gigafactory батареяларини ишлаб чиқариш учун берилган 1,4 миллиард доллар имтиёз мисол тариқасида келтирилган.
- Кўплаб давлатлар гўёки “кучли компаниялар, монополиялар” туфайли “оёққа туриб олган” (бу ерда “абжир қўллар”га эътибор беринг: “кучли компаниялар” ва “монополиялар” синоним сифатида ишлатилмоқда).
Менда эса жаноб Шукуровга айрим аниқлаштирувчи саволлар бор:
1. Жаҳонда ўнлаб муваффақиятли авто ишлаб чиқарувчи компаниялар бор. Шукуровнинг ўзи фақат 8–9 та япон компаниясини ёдга олиб ўтган (уларнинг йиллик умумий ҳажми 9 миллион автога етади). Қўрқмасдан таъкидлаш мумкинки, ишлаб чиқарувчиларнинг барчаси ҳам Volkswagen эришган ҳажмга эриша олмаган. Табиийки, улар ҳам миқёс эффектидан Volkswagen сингари фойдалана олмайди. Модомики шундай экан, жаҳон бозорларида улар қандай қилиб рақобатга киришишмоқда? Умид қиламанки, жаноб Шукуров уларнинг барчаси биздаги автосаноатдек (100 фоиздан юқори) божхона божлари билан ҳимояланган, деб таъкидламайди. Лекин бу ҳолатда Volkswagen фойдаланадиган миқёс эффекти автомобилсозлик учун у қадар ўтиб бўлмас тўсиқ ҳисобланмас экан-да! Негадир фақат ва фақат бизнинг автосаноатимиз учун бу тўсиқ мавжуд.
2. Агар жаноб Шукуровнинг миқёс эффекти рақобатбардошликка эришиш учун ўта муҳим деган фикрига қўшилсак ҳамда ишлаб чиқариш миқёслари бўйича Volkswagenʼга яқин келишни ҳаттоки ўйламаётган бўлсак, бу ҳол автосаноатимиз протекционистлик ҳимоясидан бир неча ўн йилларга фойдаланишдан умид қилаётганини билдирадими? (Бу вақтга келиб бензин ва газда юрадиган машиналардан фойдаланмай қўйишади, албатта, ҳарф терувчи машинкалар сингари). Яъни, биз — ўзбекистонлик истеъмолчилар ва солиқ тўловчилар маҳаллий автосаноатнинг монополиясига маҳкум этилганмизми?
















