​Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси транспорт вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида​»ги қарори қабул қилинди.

Ҳужжат билан Ўзбекистон Республикаси транспорт вазирига Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги марказий аппарати ва ҳудудий бўлинмалари, шунингдек, Вазирлик ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитаси тузилмасига зарур ҳолларда бошқарув ходимларининг белгиланган чекланган умумий сони доирасида ўзгартиришлар киритиш, давлат органлари ва бошқа ташкилотлар, етакчи лойиҳа институтлари, илмий ва таълим муассасалари юқори малакали мутахассисларини, шунингдек, халқаро ташкилотлар, хорижий компаниялар ва экспертларни консультантлар сифатида жалб этиш ҳамда малакали хорижий мутахассисларни ишга қабул қилиш ва уларга иш ҳақи миқдори ҳамда бошқа тўловларни чет эл валютасида белгилаш ҳуқуқи берилган.

Ўзбекистон Республикаси транспорт вазири Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири тақдимига кўра Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тасдиқланиши ва лавозимдан озод этилиши, Ўзбекистон Республикаси транспорт вазири ўринбосарлари Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланиши ва лавозимдан озод этилиши белгиланган.

Вазирлик ҳузуридаги Фуқаро авиацияси агентлиги директори, Темир йўлларда юк ва йўловчилар ташиш хавфсизлигини назорат қилиш инспекцияси ҳамда Йўл-қурилиш ишлари сифатини назорат қилиш инспекцияси бошлиқлари Ўзбекистон Республикаси транспорт вазири тақдимига кўра Вазирлар Маҳкамаси томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади.

Вазирлик ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитаси раисининг, Фуқаро авиацияси агентлиги директорининг, Темир йўлларда юк ва йўловчилар ташиш хавфсизлигини назорат қилиш инспекцияси ҳамда Йўл-қурилиш ишлари сифатини назорат қилиш инспекцияси бошлиқларининг ўринбосарлари уларнинг раҳбарлари тақдимига кўра Ўзбекистон Республикаси транспорт вазири томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади.

Қорақалпоғистон Республикаси транспорт вазири ва унинг ўринбосари – Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси томонидан Ўзбекистон Республикаси транспорт вазири билан келишилган ҳолда лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади.

Вилоятлар ва Тошкент шаҳар транспорт бошқармалари бошлиқлари ва уларнинг ўринбосарлари – вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари томонидан Ўзбекистон Республикаси транспорт вазири билан келишилган ҳолда лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади.

Вазирлик ва унинг ҳудудий бўлинмалари штат бирликларини шакллантириш Ўзбекистон автомобиль транспорти агентлиги штат бирликлари, Вазирлик ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитаси, Фуқаро авиацияси агентлиги, Темир йўлларда юк ва йўловчилар ташиш хавфсизлигини назорат қилиш инспекцияси, шунингдек, Вазирликка ўтказилаётган илмий-тадқиқот институтлари, таълим муассасалари ва бошқа ташкилотларнинг ваколатлари ва штат бирлигини оптималлаштириш ҳисобидан амалга оширилади.