Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Хатоларни тан олмаслик учун халқаро тадқиқот ва рейтингларда иштирок этишдан четлашдикми?
Билимлар экотизими маълум соҳага оид илмни бошқариш, улардан ривожланиш мақсадларида фойдаланиш, субъектлар ўртасида ҳамкорликни кучайтиришда илмнинг ўрнини белгилашда ишлатиладиган тушунча ҳисобланади.
АҚШдаги Harvard Business School, Колорадо давлат университети, Озарбойжон Иқтисодиёт университети битирувчиси, айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги лойиҳа раҳбари Одилжон Абдураззоқовнинг Kun.uz'га берган интервьюсида таъкидлашича, инновацион экотизимнинг учта асосий элементи бор.

«Биринчиси — инсон омили. 32,5 миллионли аҳолининг ҳар бирига керак бўлса, креатив фикрлашни ўргата олишимиз керак. Бу борада телевидение билан лойиҳа амалга оширишни режалаштирганмиз. Шунингдек, пойтахтдаги ва баъзи вилоятлардаги олий таълим муассасаларининг ректор ва проректорлари билан учрашув ўтказдик. Инновацион йўналишда фикрлаш бўйича мулоҳазаларимизни улар билан бўлишяпмиз», — дейди у.
Ўзбекистон Республикаси президентининг «Иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларига инновацияларни жорий этиш механизмларини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»га қарорига мувофиқ, олий таълим муассасаларида илмий ишлар бўйича проректор лавозими ўрнига илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректор лавозимини жорий этилди. Ушбу лавозимларга тайинлов Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги билан келишилган ҳолда амалга оширилади.
Одилжон Абдураззоқовнинг айтишича, мамлакатда иқтисодий ресурс қанчалик кам бўлса, инновацион салоҳият шунчалик юқори бўлади.
«Корея, Финляндия, Ҳиндистон ─ буларнинг барчасида ҳам давлатнинг, ҳам инсонларининг иқтисодий ресурси жуда чекланган бўлганлиги учун креатив усулда ҳар томонлама бойишга, ривожланишга ҳаракат қиляпти. Шунга қарама-қарши равишда Саудия Арабистони нефтга бой. Лекин у инновацион ривожланиш бўйича энг қуйи поғоналардан бирида», — дея қайд этади у.

Ҳар йили эълон қилинадиган Глобал инновацион ривожланиш индексида Ўзбекистон мавжуд эмас. Бунга Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмоновнинг билдиришича, хатоларни тан олишга тўғри келмаслиги учун биз турли халқаро тадқиқот ва рейтингларда иштирок этишдан четлашдик.
«Илм-фан ва инновация ривожланган, ютуқлар бўлган. Бироқ натижалар халқаро маълумотлар базаси ва Глобал инновацион индекс рейтингига тақдим этилмаган. Агар вазиятга очиқчасига қарайдиган бўлсак, бундай ёндашув илғор ривожланишга туртки бермаган, аксинча, бизни ортга тортган», — дейди вазир.
Инновациянинг яна бир шарти инсонларнинг шунчаки билимли бўлиб қолмасдан, креатив фикрлашини ўстириш ҳисобланади, дейди Абдураззоқов. У таваккал қилишдан, хатардан қўрқиш аҳолига кўп борада панд беришини билдирди.
«Кореяда таваккалчиликка болалар мактаб ёшиданоқ ўргатилади. Хатардан қўрқмаслик, кичик эҳтимол билан ҳам таваккал қила олиш кўникмалари ўйинлар орқали шакллантирилади», — дейди у.
Инновацион муҳитни ўзгартириш борасида Одилжон Абдураззоқов Kun.uz'га берган интервьюсида батафсил айтиб ўтган. Интервьюни видео форматда тўлиқ томоша қилишингиз мумкин.
Видео: TasIX
Видео: Youtube
Алишер Рўзиохунов тайёрлади
Мавзуга оид
12:05 / 26.12.2025
Шавкат Мирзиёев: иқтисодиёт технологик ва инновацион ўсиш моделига ўтказилади
07:40 / 07.10.2025
Рейтинг: 2025 йилда дунёдаги энг инновацион давлатлар
11:02 / 17.09.2025
Рақамли соғлиқни сақлаш маркази инновацион лойиҳаларини тақдим этди
18:49 / 10.09.2025