Ўзбекистон | 15:00 / 10.02.2019
21298
2 дақиқада ўқилади

Ақтўбеда бузилиб қолган автобусдан 51 нафар ўзбекистонлик қутқарилди

Бугун, 10 февраль куни Қозоғистоннинг Ақтўбе области ҳудудида, «Самара-Чимкент» автойўлининг 668-километрида Setra русумли йўловчи автобус бузилиб қолди.

Zakon.kz нашри маълумотига кўра, Фавқулодда ҳолатлар департаментининг тезкор қутқарув отряди воқеа жойига етиб келган ва автобусдаги 52 нафар кишини эвакуация қилиб, уларни Саритўқай посёлкасидаги «Жолсерик» лагерига жойлаштирган. Қутқарилганларнинг 51 нафари Ўзбекистон фуқароларидир.

Қайд этилишича, эвакуация қилинганларга тиббий ёрдам кўрсатишга зарурат бўлмаган.

Фото: Хабар 24

Эслатиб ўтамиз, ўтган ҳафталарда икки марта Ўзбекистон фуқаролари бўлган йўловчи автобуслари йўлларда тўхтаб қолиши кузатилди.

Казгидромет сайтидаги маълумотларга кўра, 8 февраль куни Қозоғистон шимолида ҳаво ҳарорати кечаси 40 даражагача совиши, кундузи қор бўрони бўлиши кутилмоқда. Жануби-шарқий шамол 15−20 м/с тезликда эсиб, айрим жойларда 25 м/с га қадар кучаяди.

Шарқий, шимолий ва марказий Қозоғистонда ҳаво ҳарорати кечки вақтларда 45 даража совуқ, жанубда эса 30 даража совуқ бўлиши прогноз қилинган. Ҳудудларда қор бўрони, туман ва музлаш рўй бериши мумкин.

Қайд этилишича, бу йил қиш сўнгги етти йилда ичида энг совуғи бўлмоқда.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Консуллик-ҳуқуқий департаменти фуқароларни Қозоғистонга сафар қилишда қўшни мамлакатнинг айрим ҳудудларида ҳаво ҳарорати кескин тушиб кетганини ҳисобга олишга чақирган.

Мавзуга оид