Жаҳон | 10:20 / 10.02.2019
36017
2 дақиқада ўқилади

Россия шимолида оқ айиқлар «босқини» туфайли фавқулодда ҳолат жорий этилди

LEV FEDOSEYEV/TASS

9 февраль куни Россиянинг Архангельск области ҳокимияти Новая Земля архипелагидаги қишлоқларга оқ айиқлар ҳужум қилиши хавфи остида фавқулодда ҳолат жорий этди.

Новая Земля муниципалитети раҳбари Жиганша Мусиннинг айтишича, фавқулодда ҳолат аҳоли хавфсизлиги тўлиқ таъминлангунига қадар давом этади.

«Мен 1983 йилдан буён Новая Землядаман, аммо ҳеч қачон оқ айиқларнинг бундай кенг кўламли тажовузига гувоҳ бўлмаганман. Бир сафар 5та айиқ гарнизон ҳудудига ўрнашиб олганини эслайман. Улар одамларни таъқиб қилган ва кўп қаватли уйларга бостириб киришга уринишганди», – дейди у.

Ҳокимият вакиллари архипелагга оқ айиқларнинг одамларга ҳужумлари олдини олиш мақсадида оператив гуруҳ жўнатган. Мутахассислар оқ айиқларни қурол ишлатмасдан қувиб юборишга умид қилишмоқда.

«Отиш тақиқланган, маҳаллий аҳоли учун хавфсизроқ йўлни танлашга тўғри келади. Аҳоли яшаш пунктлари атрофида 52та айиқ аниқланган. Шу туфайли қиладиган ишларимиз кўп», – дея қўшимча қилган Мусин.

Айни вақтда ҳудудда истиқомат қилувчи кишилар уйларидан чиқишмаяпти. Ота-оналар болаларни мактабларга ва боғчаларга жўнатишмаяпти.

Ҳокимият вакилларининг қайд этишича, айиқларнинг қишлоқ томон юриши кузатилган илк кундаёқ зарур чоралар кўрилган, аммо ҳозирча бу чоралар самара бермаган. Айиқлар товушли сигналларга эътибор ҳам қилишмаяпти, патруль автомобиллари ва итлар ёрдамида қувиб юбориш тадбирлари ҳам иш бермаган.

Шу билан биргаликда, Росприроднадзор жониворларни отишга рухсат бермаяпти.

Оқ айиқ ер юзидаги қуруқликда яшовчи энг йирик йиртқич ҳайвон ҳисобланади. Оқ айиқлар популяцияси инсон омили (браконьерлик) ва иқлим ўзгариши оқибатида хавф остида қолган. Россияда бу жониворларни ов қилиш қатъий тақиқланган.

Мавзуга оид