Жаҳон | 14:00 / 10.02.2019
27003
2 дақиқада ўқилади

Венесуэла армияси полковниги Гуайдони президент сифатида тан олди

Венесуэла Қуролли кучларининг қуруқликдаги қўшинлари полковниги Рубен Альберто Пас Хименес мухолифатчи Хуан Гуайдони давлатнинг муваққат президенти сифатида тан олди.

У YouTube порталида MS2 Noticias канали орқали видеомурожаат йўллаган ҳамда Гуайдо мамлакатнинг янги раҳбари ҳамда Венесуэла Қуролли кучларининг бош қўмондони сифатида тан олиб, уни қўллаб-қувватлашини маълум қилган. У барча ҳарбийларни АҚШнинг Колумбия орқали жўнатган гуманитар ёрдамини ўтказиб юборишга чақирган. 

«Келинглар довюрак бўлайлик, келинглар қўрқмайлик. Ҳарбийларнинг 90 фоизи мавжуд вазиятдан норози. Солдатлар Мадурони ҳукуматда тутиб туришда фойдаланилмоқда», - деган полковник.

Бундан аввалроқ Венесуэла Ҳарбий-ҳаво кучлари генерали Франсиско Эстебан Янес Родригес ҳам Гуайдони мамлакат президенти вазифасини бажарувчи деб тан олиб, мухолифат томонга ўтганди.

Венесуэладаги қўшҳокимлик
23 январь куни Венесуэладаги мухолифатчилар етакчиси Хуан Гуайдо ўзини вақтинчалик президент сифатида эълон қилганди. Уни дарҳол АҚШ, Канада, Лотин Америкасининг аксар давлатлари ҳамда Европа Иттифоқи вакиллари янги президент сифатида тан олишди.

АҚШ президенти Дональд Трамп эса Венесуэла билан муносабатларда ҳарбий сценарий ҳам бўлиши мумкинлигини истисно этмади.

Январь ойи охирида Гуайдо ҳарбийлар билан музокаралар ўтказаётгани тўғрисида хабарлар берилганди.

 

Мавзуга оид