Ўзбекистон | 14:04 / 11.02.2019
17773
3 дақиқада ўқилади

Давлат хизматлар агентлиги муаммога тушунарсиз муносабат билдирди ​

Турмушдаги никоҳни расмийлаштиришнинг имкониятини тополмаган оила сарсон бўлаётгани ҳақида Kun.uz'да маълум қилинганди. Мақолада таъкидланган ФХДЁ мудираси Наргиза Каримова номидан тайёрланган муносабат Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги ахборот хизмати томонидан тарқатилди. 

Каримованинг таъкидлашича, фуқаро Гулнора Файзиева 1984 йилда туғилган, аммо унинг шахсини тасдиқловчи ҳужжат мавжуд эмас. Айнан мана шу тўқнашув нуқтаси аввалги мақолада ҳам таъкидланганди. Аммо Наргиза Каримова шахсий ҳужжатлари бўлмаган кишининг маълумотларини қаердан келтириб, муносабат тайёрлаган? Демак, у қаердадир ёзилган. 

Тўрт нафар фарзандни вояга етказаётган онанинг фуқаролиги не сабабдан йўқлиги, фуқаролик паспортини олиш учун елиб-югураётгани баён этилган. Унинг қўлида ИИБ маълумотномаси бор.  ФХДЁ мудираси таъкидлаганидек, агар ота-онанинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатлар бўлмаганда боланинг туғилганлигини қайд этиш тиббиёт муассасасининг маълумотномаси билан амалга ошириш имконияти мавжуд бўлса, нега Каримова бу ишни қилмаяпти? 

ФХДЁ мудирасига кўра, Файзиева фарзандларининг туғилишини қайд этиш масаласида шахсан ўзи Тошкент тумани ФҲДЁ бўлимига умуман мурожаат этмаган. Ахир болаларнинг отаси сизнинг остонангизга бош уриб келяпти, зарурият бўлса, турмуш ўртоғи исталган пайтда етаклаб келишини таъкидламоқда-ку. Бу ҳам болаларга гувоҳнома бермасликка важ бўла оладими? 

Н.Каримова томонидан Файзиевага болаларнинг туғилишини қайд этиш учун туман васийлик ва хомийлик органига мурожаат этиш бўйича ҳуқуқий тушунтириш берилган. Аммо туман васийлик ва ҳомийлик органи ҳам тартибни ўз билганича ўрнатиб, Файзиеванинг иши унга қарашли эмаслигини айтса, тўрт болага барибир гувоҳнома берилмай қолаверадими?

ФХДЁ мудирасига кўра, Мамарафиқовнинг ушбу 4 нафар болага нисбатан оталикни белгилаш масаласи юзасидан эса судга мурожаат қилиш лозим. Аммо ФХДЁ бу масалада Мамарафиқовнинг мурожаатини на рад этади, на қониқтиради. Ишни судда кўриш учун асос ва важ келтириш керакми? 

Давлат хизматлари агентлиги расман тарқатаётган муносабатдан бир нарсани англаш мумкин — ҳеч ким болаларнинг манфаатидан келиб чиқиб, иш тутмоқчи эмас. Эълон қилинган муносабат эса ана шу ҳаракатсизликнинг сўздаги ифодаси бўлади. ​

Мавзуга оид