Бирор ҳудудда бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишларини амалга ошириш аввало ҳудуддаги ноқонуний қурилишларни бартараф этишдан бошланади. Мақсад битта, у ҳам бўлса аҳоли учун қулай шароит яратиш, улар яшаётган ҳудудни шаҳарсозлик талабларига мослаштиришдир.
Аммо бу жараёнда айрим ҳолларда маҳаллий ҳокимликлар ва аҳоли ўртасида турли тушунмовчиликлар, низолар келиб чиқаётгани ҳам бор гап.
Kun.uz таҳририятига Самарқанд вилояти, Иштихон тумани, «Жўра Маҳмудов» маҳалласидаги кўпқаватли уйларда яшовчи аҳолидан келиб тушган мурожаат айнан шу мазмунда.
Ушбу мурожаатни жойида ўрганиш учун Иштихон туманига йўл олдик ва ушбу маҳалла аҳолисининг эътирозларини тингладик.

«Биз яшаётган кўпқаватли уйлар олдидаги ҳудудда эҳтиёжимиз учун омборхона, тандирхона, ҳожатхоналар ва бошқа қурилишларни амалга оширгандик. Хонадонларда етарли шароит йўқлиги учун бир неча йиллардан буён улардан фойдаланиб келардик. Туман мутасаддилари 2018 йил сентябрь ойида ноқонуний қурилиш важи билан уларни бузиб ташлади. Ўша вақти туман мутасаддилари уларнинг ўрнига болалар майдончаси, умумий ҳожатхоналар ва аҳоли эҳтиёжи учун зарур қурилишларни амалга оширишга ваъда берганди. Орадан шунча вақт ўтди ҳамки, бу ваъдалар бажарилмади. На ўчоғимиз бор, на тандирхонамиз. Хонадонларда шароит йўқ. Канализация энг катта муаммо. Бузилган қурилишлар ўрнида хунук манзара қолди, холос. Уйлар орасидаги кўчалар абгор ҳолатда. Эшитишимизча, энди бу ерда тадбиркор томонидан хусусий болалар боғчаси қурилар экан. Туман ҳокимлигидан вакиллар келиб, боғча қуриладиган жойни ҳам бир неча марта кўриб кетишди. Ахир, бизга бошқа ваъдалар берилганди. Аммо энди бизнинг гапларимизга қулоқ солишаётгани йўқ. Бу ерда аҳоли эҳтиёжи учун бошқа зарур объектлар қурилиши керак эди», – дейди маҳалла аҳолиси.
Ўрганишимиз давомида маълум бўлишича, ҳақиқатан ҳам кўпқаватли уйлар олдидаги ноқонуний қурилишлар бузиб ташланган. Умумий ҳожатхоналар қурилиши ҳали якунига етмаган. 6 ва 8-уйлар орасида бузилган ноқонуний қурилишлар ўрнида ободонлаштириш ишлари ўз ҳолига ташлаб қўйилганлиги сабабли ҳудудда хунук манзара юзага келган.



Маҳалла аҳолиси эътирозлари қанчалик тўғри?

















