Аутизм бутун дунё бўйича тобора глобал аҳамият касб этаётган масалалардан бири ҳисобланади. Республика болаларни ижтимоийлаштириш маркази тақдим этган маълумотга кўра, Ўзбекистонда ҳам 200дан зиёд аутизм ташхиси қўйилган болалар рўйхатга олинган. Лекин ҳали реабилитацияга жалб қилинмаган, эътибордан четда қолаётган болалар ҳам анчагинани ташкил этади.

Сал аввал аутизм билан кураш борасидаги муаммолар тўғрисида «Ўзбекистонда аутист болаларга эътибор қай даражада?» сарлавҳали мақола берилган эди

Аутизм синдроми ташхиси болаларнинг даволаниши ва таълим олиши учун етарлича инфратузилманинг мавжуд эмаслиги уларга ўз вақтида ёрдам кўрсатилиши, жамият ҳаётига жалб қилинишида қийинчилик туғдирмоқда. Ота-оналар билан суҳбат чоғида улар бир қатор муаммоларни санаб ўтишди. 

«Республика болаларни ижтимоий мослаштириш марказида аутизмни даволаш бўйича етарли шарт-шароит мавжуд. Логопед, руҳшунос, массажист хизматлари йўлга қўйилган. Лекин марказнинг қамров салоҳияти талаб даражасига қараганда паст. Ҳамма болаларни қамраб олиш имкони бўлмаяпти. Навбат катта. Аутизм эса доимий шуғулланишни талаб этади», дейди марказ руҳшуноси Фарҳод Артикбаев. 

Видео: Tas-IX

Видео: Youtube.com

 

Нилуфар Тожибоева жамоат жойларида кишиларнининг ноўрин муносабати ҳақида айтиб ўтди. «Жамиятда аутизм синдроми, бундай болаларнинг ўзига хослиги ҳақида етарлича тасаввур мавжуд эмас. Фарзандларимизга бошқача кўз билан қарашади... Бу эса боланинг руҳиятига салбий таъсир кўрсатади. Аҳолининг бу синдром ҳақидаги хабардорлиги ошириб борилса, яхши бўларди». 

Аутист болаларни боғча ва мактабга бериш масаласи ҳам анча муаммоли. «Оддий боғчага фарзандимни олишмади. Ҳозир ихтисослашган боғчага қатнаяпти. Лекин у ердаги муҳит болага салбий таъсир кўрсатиши, регресс жараёнига сабаб бўлиши мумкинлигини мутахассислар айтишяпти. Фарзандим инклюзив таълимга эҳтиёж сезади. Лекин таълимнинг бу усули ҳали оммалаштирилмаган», дейди Дилафрўз Иброҳимова.