Жамият | 18:46 / 12.02.2019
17337
3 дақиқада ўқилади

Самарқанд вилояти автомобиль йўллари ҳудудий бош бошқармаси танқидий мақолага муносабат билдирди

Kun.uz сайтида 11 февраль куни «Пахтачидаги абгор йўл ёхуд Самарқанд вилояти автомобиль йўллари ҳудудий бош бошқармасининг «ажойиб» хати» номли танқидий мақола эълон қилинган эди.

Мақолада Самарқанд вилоятидаги Пахтачи тумани «Қувондиқ» ва «Сардоба» маҳаллалари ўртасидан ўтган йўлнинг абгор ҳолати акс эттирилганди.

Самарқанд вилояти автомобиль йўллари ҳудудий бош бошқармаси бошлиғи Қ.Ҳасанов мазкур мақолада келтирилган муаммоларни бартараф этиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар юзасидан маълумот берди.

«Самарқанд вилояти Пахтачи туманидаги 4К562 «М-37 автомобиль йўлидан Султонобод-Абдиамин» маҳаллий йўлини таъмирлаб бериш тўғрисида Пахтачи туманидаги «Сардоба» маҳалласида яшовчи фуқаро С.Сатторовга 2019 йил 25 январь кунида ёзилган №01-14/180-сонли жавоб хатида ҳақиқатдан ҳам хатоликларга йўл қўйилгани, жумладан «2019 йил 24 январь» ўрнига «2019 йил 24 декабрь» ҳамда «Пахтачи тумани» ўрнига «Тайлоқ тумани» деб адашиб ёзилган.

Самарқанд вилояти Пахтачи туманидаги 4К562 «М-37 автомобиль йўлидан Султонобод-Абдиамин» маҳаллий йўлини таъмирлаш ишлари 2019 йил 12 февралда бошланишини, шунингдек 2019 йил 25 январь кунида ёзилган №01-14/180-сонли жавоб хатига Бош бошқарма бошлиғи Қ.Ҳасанов ўрнига бош муҳандиси Р.Исаков хатни имзолаётганда хатдаги хатоларга эътибор қаратмагани учун унга нисбатан интизомий жазо кўрилишини маълум қиламиз», – дейилади маълумотномада.

Ушбу ҳолат юзасидан бош бошқарма бошлиғи Қ.Ҳасанов билан суҳбатлашдик. Унинг айтишича, айни вақтда йўлни таъмирлаш ишлари бошланган. Мурожаатчига юборилган жавоб хатини эса бош бошқарманинг бош муҳандиси имзолаган. Таъкидланишича, унга интизомий чора кўрилади.

Маълумот юзасидан ўрганишларда маълум бўлишича, ҳақиқатан ҳам айни вақтда ушбу йўлда таъмирлаш ишлари бошланган. Йўлга шағал тўкилиб, махсус техникалар ёрдамида техник ишлар амалга оширилмоқда.

Мавзуга оид