Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Фанлар академиясида Марказий Осиё ва Россия олимлари иштирокида семинар бўлиб ўтди
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси (ФА) ташаббуси билан Бирлашган ядро тадқиқотлари институти (Дубна, Россия) Ахборот технологиялари лабораторияси етакчи олимлари ва Марказий Осиё тадқиқот ва таълим тармоғи (CAREN) вакиллари иштирокида «Академик фан ва замонавий ахборот технологиялари» мавзусида илмий-амалий семинар ўтказилди.
ФАдан Kun.uz’га маълум қилинишича, ушбу семинар илм-фан ва таълим соҳасида ахборот технологияларидан амалий фойдаланиш ҳамда асосий маълумотлар базасини яратиш, йирик маълумотларни (BigData) қайта ишлаш ва бошқариш масалаларига бағишланди.
«Бирлашган ядро тадқиқотлари институти дунёда энг машҳур илмий марказ бўлиб, Ўзбекистон олимлари билан узоқ муддатли ҳамкорлик алоқаларига эга. Бугунги семинардан кўзланган асосий мақсад, россиялик ва қирғизистонлик олимлар билан ҳамкорлик алоқаларини янада кенгайтириш, олимларимиз, ёш тадқиқотчиларимиз, талабаларимизни айнан илм-фанда ахборот технологияларидан фойдаланишнинг имкониятлари ҳамда афзалликлари билан кенгроқ таништиришдан иборат», - дейди Фанлар академияси вице-президенти Сирожиддин Мирзаев.
Шунингдек, семинар иштирокчилари юқори тезликдаги алоқа тизими сифатида CAREN’нинг атроф-муҳитни ўрганишга оид тадқиқотлар, сейсмология, телетиббиёт, табиий ва маданий меросни асраш каби соҳаларда биргаликдаги изланишларни ривожлантириш борасидаги фаолияти билан ҳам танишишди.
“Ушбу семинар ташкил этилгани учун Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси президенти Беҳзод Йўлдошевга ўз миннатдорчилигимни билдираман. Бу семинар ўзбек олимлари билан ҳамкорлик алоқаларининг янги босқичига замин яратишига ишонаман”, – дейди Қирғизистон Республикаси Миллий Фанлар академияси академиги Асқар Кутанов (CAREN).
Семинар якунида илмий-тадқиқот ишларининг самарадорлигини ва технологик салоҳиятни ошириш, шунингдек, фан, техника, иқтисодиётда ахборот технологияларидан самарали фойдаланиш масалалари бўйича фикр алмашилди.
Мавзуга оид
17:41 / 13.04.2026
Фанлар академияси 190 гектар ер майдонидан ихтиёрий воз кечди
16:41 / 03.02.2026
Ботқоқларни асраб қолишимиз керак – Тошкентда бу мавзуда халқаро семинар бўлиб ўтди
07:30 / 23.09.2025
ФА президенти Халқаро фанлар академиялари ассоциацияси академиги унвонини олди
11:47 / 31.07.2025