Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги Kun.uz'да ёритилган масалага яна қайтди. Гулнора Файзиева 4 нафар фарзандига туғилганликни қайд этишда пайдо бўлаётган муаммони енгиб ўтолмаётгани ҳақида Kun.uz'да мақола эълон қилинганди. Хўш, мақоладан сўнг нима ўзгарди?
Дастлаб, мақолада исми таъкидланган ФҲДЁ мудираси Наргиза Каримова муносабат билдириб, «ИИБдан олинган яшаш манзили ҳақидаги маълумотнома Файзиеванинг 4 нафар фарзандининг туғилишини қайд этиш учун асос» бўлмаслигини қатъий таъкидлади. Мамарафиқовнинг ушбу 4 нафар болаларга нисбатан оталикни белгилаш масаласи юзасидан эса судга мурожаат қилиш лозим, деб ҳисоблайди мудира.
Оила кодекси 61-моддасида ёзилишича, боланинг онаси билан никоҳда бўлмаган шахснинг оталиги ўзини боланинг отаси деб тан олган шахс ва онанинг фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд қилиш органига биргаликда топширган аризасига биноан белгиланади.
Лекин Файзиеванинг фуқаролик паспорти мавжуд эмаслиги, унинг ФҲДЁга ариза билан мурожаат қилишига монелик қиладими? Бу саволга якдил жавоб йўқ.
Орадан бироз ўтиб, Давлат хизматлари агентлиги ҳам мазкур масала юзасидан расмий муносабат билдирди.
Агентлик тарқатган хабарда болаларнинг туғилганлигини қайд этишга асос бўлувчи Халқ таълими бўлими қошидаги васийлик ва ҳомийлик органининг ФҲДЁ бўлимига умуман мурожаат этмагани ифода этилган. Аммо Kun.uz'да нусхаси мавжуд хатда ёзилишича, Тошкент вилояти Тошкент Халқ таълими бўлими мудири ФҲДЁ бўлимига расмий мурожаат билан чиққан. Хатда болаларнинг ота-онаси, фарзандларнинг шахсий маълумотлари келтирилиб, болаларга туғилганлик гувоҳномасини олишда кўмак сўралган.
Агентлик тарқатган иккинчи муносабат қуйидаги тушунарсиз жумла билан якунланади:
«Шу ўринда, фуқароларга мурожаат этмоқчимизки, ўз вақтида фуқаролик ҳолати далолатнома ёзувларини ва бошқа шахсга оид ҳужжатларни расмийлаштириш борасида тегишли ваколатли органларга мурожаат этишлари лозим, акс ҳолда уларда ҳам юқоридаги каби ҳолат такрорланиши мумкин», – деб якунланади муносабат матни.
Давлат хизматлари агентлиги вазиятга муносабат билдириш билан чекланиб қолмади, агентлик Kun.uz'да эълон қилинган мақолага раддия ҳам берди.
Унда ёзилишича, хорижий шахсга Ўзбекистон Республикасида яшаш гувоҳномаси ва фуқаролиги бўлмаган шахсга Ўзбекистон Республикасида яшаш гувоҳномаси уларнинг Ўзбекистон Республикасида доимий яшаш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатлар ҳисобланади, «Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги тўғрисида» Ўзбекистон Республикаси Қонуни кучга киргандан кейин Ўзбекистон Республикасига келган ва бирон-бир давлат фуқаролигига мансублигининг исботига эга бўлмаган шахслар учун эса — уларнинг шахсини ҳам тасдиқловчи ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахснинг ҳуқуқий мақомини белгилаб берувчи ҳужжат ҳисобланади.















