Фан-техника | 15:30 / 13.02.2019
25728
2 дақиқада ўқилади

«Ҳа-ҳа, ҳайратланарли» – Илон Маск «инновацион «Жигули»га русча таъриф берди

Шу кунларда интернетда Россия кўчаларида юрган ўзгача «Жигули»нинг видеоси тарқалганди. Кўпчиликка яхши таниш бўлган «06» русумидаги бу «Инновацион «Жигули» тескари томонга юриши билан барчанинг ҳайратига сабаб бўлди.

Россиянинг Ставрополь шаҳри кўчаларида кўзга ташланган бу машинанинг ноодатий ҳаракатини қуйидаги видеода ўзингиз ҳам кўришингиз мумкин:

Кўриб турганингиздек у бир қарашда тескари йўналишда ҳаракатланмоқда, лекин машинани орқага қараб бунчалик аниқ бошқариш имконсиз. Яхшилаб қаралганда эса аслида ҳайдовчи машинани тўғрига қараб ҳайдаб кетаётгани маълум бўлади. 18 ёшли «ихтирочи» машинасининг олд ва орқа томонларини ўзгартириб қўйган холос. Бу видео тезда машҳур бўлди.

Россиянинг НТВ телеканали ўзининг твиттердаги саҳифасида ушбу видеони жойлаб: «Бунақасига нима дейсиз, жаноб Илон Маск», деб ёзди ва «Tesla» асосчиси Маскнинг аккаунтини илова (мэншн) қилди. 11 февраль куни жойланган бу хабарга Илон 13 февраль куни кутилмаганда русча жавоб берди: «Ха-ха, ҳайратланарли». Таъкидлаш керак интернетда муҳандислик билан боғлиқ янгиликлар ёки суратларга «Бунга нима дейсиз, Илон Маск» деб ёзиш урфга кирган.

Бир йилдан камроқ ҳайдовчилик тажрибасига эга бўлган ставрополлик «ихтирочи»нинг кашфиёти кимсан Илон Маскнинг эътиборини тортган экан, тез орада уни Россия телеканалларидаги шоулардан бирортасига таклиф қилишса ажаб эмас.

Лекин айни пайтда «Жигули» эгасига учта маъмурий протокол тузилган,  автомобилнинг регистрацияси бекор қилинган.

Мавзуга оид