Бўстонлиқ туманидаги “12-чашма” тоғ чанғиси бўйича ҳаваскорлар клубида илк бор Chimgan challenge қишки спорт ўйинлари бўйича ёшлар фестивали бўлиб ўтди. Кўтаринки руҳда бошланган фестивал Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Ўзбекистон жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси ҳамда Спортнинг қишки ва мураккаб техник турлари бўйича республика олий спорт мактаби ҳамкорлигида ташкил этилди.

Икки кунлик фестивалда 10-14, 15-19 ва 20-30 каби 3 та ёш тоифаси бўйича 500 нафарга яқин ёшлар иштирок этди.
Дастлабки кун фестивалнинг очилиш маросими ташкил этилиб, унда фестивал ташкилотчилари мамлакатимизда қишки спорт ўйинларини янада ривожлантириш, фестиваль кўламини кенгайтириш, келажакда мусобақани халқаро турнир даражасига олиб чиқиш ва бу орқали кўплаб истеъдод эгаларини кашф этиш ҳақида фикр-мулоҳазаларини билдириб ўтди.

Шу тариқа 10 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёшлар фестивалига старт берилди. Улар спортнинг волейбол, чанғи учиш ва Snowboarding турлари бўйича қизғин баҳсга киришди. Саралаш босқичларидаги энг тезкор, энг илғор ва энг кучлилар финалга йўл олди.
Фестивалнинг иккинчи куни чанғи учиш бўйича 16 нафар ёш спортчилар ўзаро беллашди. Ҳар икки спортчидан қай бири маррага биринчи бўлиб етиб келса, кейинги рақиб билан куч синашди. Мағлублар эса майдонни тарк этди. Шу йўсинда кечган мусобақада 37 секундда 300 метрлик масофага етиб келган “учар спортчи” Арман Гаюпов ушбу йўналишда 14-19 ёш тоифаси бўйича мутлақ ғолибликни қўлга киритди.

—Мен болалигимдан шу спорт тури бўйича мунтазам шуғулланиб келаман. Бу йўналишдаги устозим – дадам бўлади. Улар мени ёшликдан тоғлардаги машғулотларга жалб этиб, ўз устимда ишлашимга, салоҳиятимни оширишимга барча имкониятларни яратиб берардилар. Бугун ўша тинимсиз меҳнатларимиз натижасида шоҳсупанинг фахрли биринчилигида турибман. Келгусидаги мақсадим қишки спорт турлари бўйича халқаро мусобақаларда ҳам биринчи ўринни эгаллаб, юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиш, – дейди 18 ёшли спортчи Арман Гаюпов.




















