Ўзбекистон Республикаси биринчи Президентининг набираси, айни пайтда Лондонда истиқомат қилаётган Ислом Каримов ўзининг Instagram'даги саҳифасида Шавкат Мирзиёевга мурожаат қилиб, унга илтимоснома йўллагани ҳақидаги хабарлар ОАВда тез тарқалди

«Тушунарсиз сабабларга кўра, онамга инсонга хос бўлмаган босим бўляпти ва унинг олдига шифокорлар қўйилмаяпти»,  – деган кичик Каримов.

Бош прокуратура матбуот котиби эса Гулнора Каримовага нисбатан босим мавжуд эмаслигини билдирди. Кичик Каримовни нима ташвишда «шовқин» кўтарди? Бу ҳолатни яхши англаш учун воқеалар кетма-кетлигига бирров назар ташлаш лозим. 

Кичик Каримов Буюк Британиядан сиёсий бошпана сўради

2015 йилнинг августида қатор молиявий жиноятларда айбдор деб топилган ва 5 йилга шартли равишда озодликдан маҳрум этилган Гулнора Каримованинг ўғли Ислом 2018 йил бошида Буюк Британия ҳукуматидан сиёсий бошпана сўрагани маълум бўлди.  

«Ҳа, юридик процедуралар ва ҳужжатлар тайёр бўлиши биланоқ бу йил бошпана сўрайман. Онамга боғлиқ йирик ўзгариш юз берди», — деб таъкидлаганди кичик Каримов Би-би-си мухбири билан суҳбатда.

Унинг айтишича, Гулнора Каримова ўғли Британияда таълим олаётган пайтидаёқ унинг яшаши учун маблағ қолдириб кетган. 

«Шу пулга яшашим кўзда тутилган. Ҳа, менда онамнинг фавқулодда ҳолатлар учун сақлаб қўйилган пуллари бор», — деб айтганди у.

Гулноранинг адвокати ютқазди

Гулнора Каримова томонидан 800 миллион Швейцария франкининг (810 миллион доллар) 700 миллион долларга яқин қисми мусодара этилиши юзасидан киритилган ариза жиноий ишлар бўйича Швейцария федерал суди томонидан рад этилди. ОАВ маълумотига кўра, ҳукм 31 июль куни чиқарилган.