Ҳожатхоналар масаласида кўп ва хўб ёзилди. 2018 йил бошида Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ташаббуси билан Ўзбекистонда мамлакатимиз фуқаролари ва хорижий меҳмонлар учун саёҳат давомида янада қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида ҳожатхона хизматини такомиллаштириш бўйича кескин ислоҳотлар ўтказилиши режалаштирилаётгани маълум қилинди. Аввало хорижий сайёҳлар, ўз халқимиз учун қулай ҳожатхоналар жуда камлиги тан олинди ва масала ечими юзасидан қатор чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди. Ҳожатхона қуриб ишга туширганларга бир қанча солиқ имтиёзлари таклиф қилинди. Юртимизда энди «Ҳожатхона инқилоби» рўй берадигандек эди. Аммо ҳануз бир жойда депсиниб тургандекмиз.

Бекобод тумани, Зафар шаҳарчаси, 2017 йил. Фото: KUN.UZ

Ҳожатхоналар муаммоси нафақат бизда, балки бутун дунёда мураккаб муаммолардан бири ҳисобланади.

Ўзбекистон

Дастлаб дунёни қўятурамизда, ўзимиздаги аҳвол тўғрисида гаплашамиз. Оддий мисол, шаҳарларни боғловчи катта йўллар ёқасида тескари қараб ҳожатини чиқараётган одамларга албатта кўзимиз тушади. Аввал бундай ҳолат фақат узоқ йўлларда кузатиларди, ҳозир йирик шаҳарларда, ҳатто пойтахтда ҳам «йўл четига ўтиш» одат тусига кирмоқда.

Йўллар четларига ҳожатхоналар қуриш масаласи бир неча марта кўтарилди ва яна ўшанча марта унутилди. Ёқилғи қуйиш шохобчалари, дўконлар ҳам ҳеч бўлмаса ўз харидорлари учун сифатли хизматни йўлга қўйишни ўйламади, ўйлаганлари, амалга оширганлари ҳам бизнинг «ўта кучли маданиятимиз» туфайли қўлларини ювиб қўлтиққа урдилар. Ишлаб турганларига ҳам сервис нолга яқин бўлгани ҳолда дурустгина пул тўланади. Майли, шуларнинг ҳам борига шукр, ҳарқалай жонга оро киради. Лекин улар жуда кам.

Мисолларга эътибор беринг: пойтахтдаги Ойбек метросидан «Шаҳрисабз» кўчаси бўйлаб Мустақиллик майдонига қадар борайлик. Мақсад ягона — ҳожатхона топиш! Аммо кўчалар гавжум, обод, катта-катта бинолар бисёр, аммо ўша кичкинаси йўқ. Ёки Бунёдкор кўчаси бўйлаб Чилонзор метросидан Новза метросига қадар 3 километрга яқин масофада бирорта ҳожатхона учратмайсиз. Гўёки бундай маскан шаҳар қиёфасини бузадигандек. Хўш, шаҳар қиёфасини ҳожатга зарурати туғилганлар мажбуриятдан бузишмайдими? Бу ҳали давлатимиз маркази бўлган пойтахтдаги аҳвол. Вилоятлардаги вазиятни тасаввур қилиш мушкул эмас.