Соҳиб ака Раҳимовни жуда сарсон қилишяпти. У кишининг «айби» — Бош прокуратура ҳузуридаги МИБнинг «Электрон-онлайн аукционларни ташкил этиш маркази» ДУК орқали савдога қўйилган кўп қаватли уйда жойлашган квартирани харид қилиб, ғолиблик далолатномасини қўлга киритиб, уйни ўз номига қонуний расмийлаштириб олгани бўлди.

Олдинга ўтиб айтамизки, Соҳиб ака Самарқанддаги судлардан нажот топа олмаяпти. Тўққиз пулдек тушунарли нарсани Самарқанддаги судлар, судьялар ёки тушунмаяпти, ёки қонунчиликдаги камчиликлардан фойдаланиб, атайлаб уюштиришаяпти. Соҳиб ака эса жуда сарсон бўлаяпти… ва бор умиди Олий суддан.

Ўзи нима воқеа рўй берган? Келинг, бир бошидан ҳикоя қилиб берайлик.

2015 йил 25 декабрь куни Пайариқ туманида истиқомат қилиб келган фуқаро Элмурод Тоштемиров АТ «Халқ банки»нинг Темирйўл филиали билан уй-жой сотиб олишга ипотека кредити ажратиш тўғрисида шартнома имзолайди ва унга 10 йил муддатга 18 фоиз ставкасида иккиламчи бозордан — Самарқанд шаҳри Абу Бакр Розий кўчаси 17-уйнинг 40-хонадонини сотиб олиш учун 120 миллион сўм кредит ажратилади.

Э.Тоштемировга қўшилиб, шартномада унинг уч таниши кафиллик билдириб «қўшимча қарздор» сифатида расмийлаштирилади. Энди Элмурод Тоштемировнинг зиммасига ҳар ой кредит қарзини сўндириб боришдек мажбурият юкланади. Уй эса банк томонидан гаровга олинади.

Лекин Э.Тоштемиров кредит шартномаси шартларида ўзига юклатилган мажбуриятларни буза бошлайди. Яъни, кредитнинг асосий қисми ва фоизларини тўлашни кечиктиради. Банк бир неча марта Э.Тоштемировнинг ўзини, шунингдек шартномага имзо чеккан қўшимча қарздорларни ёзма ва оғзаки огоҳлантирганига қарамасдан тўловлар амалга оширилмайди.

Савдо саноат палатаси Самарқанд вилоят ҳудудий бошқармаси АТ «Халқ банки» Темирйўл филиали манфаатини кўзлаб, фуқаро Э.Тоштемиров билан тузилган кредит шартномасини муддатидан олдин бекор қилиш, 120 миллион сўм асосий қарз ва 4 млн 760 минг сўм фоиз тўлови, 170 минг сўм пеня — жами 124 миллион 930 минг сўм қарзни томонлар 150 млн сўмга баҳолаган ва гаровда турган Самарқанд шаҳри, Абу Бакр Розий кўчаси 17-уйнинг 40-хонадонига қаратиш ҳақида Фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судига даъво аризаси киритади.

Судья Н.Баратов (эслаб қолинг!) раислигида ўтган ФИБ Самарқанд шаҳар суди мажлисининг 2016 йил 1 августдаги ҳал қилув қарори билан даъво қаноатлантирилади: ипотека кредити шартномаси муддатидан аввал бекор қилинади (1), ундирув гаровга қўйилган квартирага қаратилади (2).