Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятининг молиявий асосларини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси жойлаштирилди.
Ҳужжат билан фуқаролар йиғинлари томонидан жисмоний ва юридик шахслардан ихтиёрийлик асосида жалб этилган ва хайрия эҳсонлари шаклидаги маблағлардан фойдаланиш тартиби тўғрисида низом тасдиқланиши мумкин.
Фуқаролар йиғинлари томонидан жисмоний ва юридик шахслардан ихтиёрийлик асосида жалб этилган пул маблағлари Халқ банкининг филиалларида очилган ҳисоб рақамларида белгиланган тартибда жамланади.
Низомга кўра, жисмоний ва юридик шахслардан ихтиёрийлик асосида жалб этилган маблағлар деганда фуқаролар йиғинининг қарорига асосан жисмоний шахслардан ихтиёрийлик асосида, юридик шахслардан эса шартнома (битим) асосида йиғиб олинган пул маблағлари ва мол-мулк тушунилади.
Хайрия эҳсонлари шаклидаги маблағлар деганда жисмоний ва юридик шахслардан фуқаролар йиғинларига хайрия эҳсонлари ва ҳомийлик маблағлари шаклида тушадиган пул маблағлари ва мол-мулк тушунилади.
Жисмоний ва юридик шахслар хайрия эҳсонлари шаклидаги ёрдамни қонун ҳужжатларига мувофиқ ихтиёрий ва беғараз кўрсатадилар.
Жисмоний ва юридик шахсларни хайрия фаолиятига ва уларнинг пул маблағларини сарфлаш билан боғлиқ бошқа тадбирларга мажбурий жалб этиш тақиқланади.
Фуқаролар йиғинлари томонидан жисмоний ва юридик шахслардан ихтиёрийлик асосида жалб этилган ва хайрия эҳсонлари шаклидаги пул маблағлари Халқ банкининг филиалларида очилган ҳисоб рақамларда белгиланган тартибда жамланади.
Фуқаролар йиғинлари томонидан жисмоний ва юридик шахслардан ихтиёрийлик асосида жалб этилган ва хайрия эҳсонлари шаклида бериладиган маблағлар қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда кирим қилинади.
Фуқаролар йиғинлари томонидан жисмоний шахсларнинг хайрия эҳсонлари шаклидаги маблағларини олиш ва улардан фойдаланиш хайриянинг мақсадидан келиб чиқиб амалга оширилади.
Юридик шахсларнинг хайрия эҳсонлари шаклидаги маблағларини олиш ва улардан фойдаланиш фуқаролар йиғинлари ва юридик шахслар ўртасида хайрия ёрдами кўрсатиш тўғрисида тузилган шартномаларга (битимларга) мувофиқ амалга оширилади.
Пул маблағларидан фойдаланиш фуқаролар йиғини кенгашининг қарори асосида амалга оширилади. Пул маблағларини бошқариш ҳамда тақсимлаш фуқаролар йиғини раиси томонидан амалга оширилади.














