Ўзбекистон Республикаси Президенти “Ўзбекистон Республикасида йилқичилик ва от спортини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади. Ҳужжат матни ЎзА томонидан келтирилган.
Қарор билан Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Молия вазирлиги, Ўзбекистон йилқичилик ва от спорти федерацияси, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси, “Ўзбекнефтгаз” АЖ, “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ ва “Ўзқурилишматериаллари” АЖнинг:
2019-2020 йилларда Қорақалпоғистон Республикаси, Жиззах, Қашқадарё, Навоий, Самарқанд, Сурхондарё, Сирдарё, Тошкент, Хоразм вилоятлари ва Тошкент шаҳрида давлат-хусусий шериклик шартлари асосида болалар-ўсмирлар от спорти мактабларини босқичма-босқич ташкил этиш;
Ўзбекистон йилқичилик ва от спорти федерацияси қошида юридик шахс мақомига эга Қорабайир зотли отларни етиштириш ва кўпайтириш бўйича инновацион селекция-генетика марказини ташкил этиш;
Ўзбекистон йилқичилик ва от спорти федерацияси раисининг ўринбосари – Қорабайир зотли отларни етиштириш ва кўпайтириш бўйича инновацион селекция-генетика маркази директори лавозимини жорий этиш;
Қорабайир зотли отларни етиштириш ва кўпайтириш бўйича “Қорабайир отчилик мажмуаси” УКни “Шўртангазкимё мажмуаси” МЧЖ тасарруфидан “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ тасарруфига бериш;
Қорабайир зотли отларни етиштириш ва кўпайтириш бўйича “Қорабайир отчилик мажмуаси” УК ва “Водий тулпорлари” МЧЖ мажмуаларини, улар таъминотини молиялаштириш тартибини сақлаб қолган ҳолда ва йиллик харажатлари кўрсаткичларини Ўзбекистон йилқичилик ва от спорти федерацияси билан мажбурий келишиш шарти билан, Федерация таркибига киритиш ҳақидаги таклифлари маъқулланди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Жиззах, Қашқадарё, Навоий, Самарқанд, Сурхондарё, Сирдарё, Тошкент, Хоразм вилоятлари, Тошкент шаҳри ҳокимликлари ва Федерация билан биргаликда:
икки ҳафта муддатда аниқ ер участкалари ва бўш турган давлат кўчмас мулк объектлари ҳудудида болалар-ўсмирлар от спорти мактабларини ташкил этиш, шунингдек, тадбиркорлик лойиҳаларини амалга ошириш мақсадида давлат-хусусий шериклик шартлари асосида болалар-ўсмирлар от спорти мактабларини ташкил этиш истагини билдирган тадбиркорлик субъектларига топшириш учун уларнинг рўйхатини шакллантиради;















