Жамият | 16:21 / 20.02.2019
7526
3 дақиқада ўқилади

«Ўзбекэнерго»: Бухорода автоматлаштирилган тизимни жорий этиш ишлари жадал давом этмоқда

Президентнинг 2018 йил 23 октябрда “Электр энергетикаси тармоғини жадал ривожлантириш ва молиявий барқарорлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан, 2021 йил якунигача 7 миллиондан ортиқ истеъмолчиларнинг барчаси электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимига уланиши белгиланган. 

Фото: Ўзбекэнерго

“Ўзбекэнерго” АЖ матбуот хизмати хабарига кўра, Бухоро вилоятида ҳам Жанубий Кореянинг “КТ Corporation”  компанияси билан ҳамкорликда электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш ишлари давом этмоқда.

– Электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизими жорий этилгач, истеъмолчиларнинг электр ҳисоблагичлари масофадан туриб бошқарилиши ва электр таъминоти корхонаси билан истеъмолчиларга бир қатор қулайликлар яратилади, – дейди Бухоро вилояти Ҳудудий электр тармоқлари корхонаси бош директори Истам Аҳметов. – Қолаверса, истеъмол қилинган электр энергиясининг тўловларини йиғишдаги муаммолар ҳал этилади яъни, истеъмолчиларга  электр энергияси етказиб бериш олдиндан тўланган ҳақ доирасида амалга оширилганлиги сабабли, таъминотчи корхона ҳамда истеъмолчилар ўртасидаги ноаниқ қарздорлик масаласи ўз ечимини топади,  трансформатор пунктларидан оқиб ўтаётган электр энергияси ва техник йўқотишларнинг реал вақтдаги миқдорини аниқлаш имконияти яратилади.

Фото: Ўзбекэнерго

Истеъмолчиларга фойдаланилган электр энергияси миқдори, тўлаган маблағи, аварияли ва режали ўчиришлар тўғрисидаги маълумотларни қўл телефонларига юбориладиган СМС хабарлар орқали билиб олиш имкони мавжуд бўлади. Айни пайтда Бухоро шаҳрига 36288 дона  электр ҳисоблагичлар етказиб берилди. Бухоро шаҳридаги  кўп қаватли уйларнинг 35 минг хонадонида  электр ҳисоблагичлар ўрнатилди. Жорий йилнинг охирига қадар 400 000 дона электр ҳисоблагичлар ва аппарат комплекслари етказиб берилиши режалаштирилган. 

Бухоро шаҳрида 77 990 нафар истеъмолчиларнинг электр ҳисоблагичлари мавжуд бўлиб, ушбу ишлар режа асосида 1-чоракда амалга оширилиши кўзда тутилган. Шу билан бирга, вилоятдаги барча истеъмолчиларнинг электр ҳисоблагичлари электр тармоқлари корхонаси томонидан 2019-2021 йиллар давомида пудратчи ташкилот  ҳамкорлигида босқичма-босқич етказиб бериладиган кўп функцияли  “КАIFA” русумли электр ҳисоблагичларга алмаштирилади ва тўлиқ Электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимига уланиб, “Биллинг” маркази орқали бошқарилиши таъминланади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид