Ўтган ҳафта Ўзбекистон терма жамоаси дарвозабони Игнатий Нестеров допинг сабабли футболдан четлатилгани маълум бўлдиОсиё Кубоги вақтида олинган таҳлилларда унинг қонидан тақиқланган модда топилганбўлиб, бу борада ОФК Тартиб-интизом қўмитаси ҳали якуний қарор чиқармади. ЎФА матбуот хизмати терма жамоа бош шифокори Аброр Пирриев билан суҳбат уюштириб, мазкур ҳолатга мутахассис сифатида ойдинлик киритиб беришни сўради.

- Аброр ака, сиз терма жамоа бош шифокори сифатида Игнатий Нестеров борасида ОФКдан келган хат ҳақида биринчилардан бўлиб хабар топгансиз. Лекин хатда кўрсатилганидек, охирги хулоса чиқарилмагунча бу ҳақида оммага ошкор қилмай турилган. Шундай бўлса-да, бугунги ахборот замонида бирор нарсани сир сақлаш қийин. Шу сабабли мухлислар учун Нестеров билан боғлиқ вазият ҳақида батафсил маълумот бериб ўтсангиз.

- Авваломбор допинг тушунчаси ҳақида оддий мухлисга тушунадиган тарзда тўхталиб ўтсам. Бир сўз билан айтганда, допинг бу спортчининг WADA (Жахон антидопинг агентлиги) томонидан тақиқланган дори воситасини истеьмол қилиши. Ушбу тақиқланган воситаларни шартли 3 гуруҳга бўлиш мумкин:

1. Спортчининг қабул қилиши қатъиян тақиқланган воситалар;
2. Спортчи даволаниш кўрсатмаси асосида қабул қилиши мумкин бўлган воситалар;
3. Кўрсатмаларсиз истеъмол қилиш мумкин, лекин допинг текшируви бланкасида қайд этилиши керак бўлган воситалар. (Игнатнинг вазияти 2-гуруҳга тўғри келади).

Бизда допинг сўзи жуда бир ваҳимали талқин килинадики, бу билан спортчи албатта даҳшатли таъсирга эга булган препарат қабул қилган деб тушунилади. Ҳолбуки, оддийгина бош оғриги учун ичилган “Цитрамон” ҳам допинг деб топилиши мумкин, агарда у шифокорга айтилмаса ва допинг варағида ёзилмаган бўлса. Сиз ўзингизни ёки бошқа бировни “Цитрамон” ичганликда айблай олмайсиз, тўғрими? Аммо профессионал спорт билан ҳаётини боғлаган спортчиларимизда шунга ўхшаш масъулиятли вазиятлар мавжуд. Шунинг учун мухлис ва мутахассисларимиздан бир нарсани илтимос қилардимки, ижтимоий тармоқлардаги муҳокамаларда вазиятга тўғри баҳо берган ҳолда, терма жамоамиз ғалабаларига катта ҳисса қўшган дарвозабонимизни ушбу мураккаб вазиятда қўллаб-қувватловчи фикрлар билдиришса адолатдан бўларди.