Сифатсиз йўл қурилишидан кимга шикоят қилиш мумкин?
Сифатсиз йўл бўлмаган шаҳар ёки туман йўқ десам асло адашмаймиз. Айримларида таъмирлаш ишлари олиб борилсада, улардаги иш сифатидан кўпчиликнинг кўнгли тўлмайди. Ана шундай вазиятда кимга мурожаат қилиш мумкин?
20 февраль куни «Ўзбекистонда автомобиль йўллари қурилиши: ютуқ ва муаммолар» мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Тадбирда Автомобиль йўллари давлат қўмитаси, Йўл-қурилиш ишлари сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси мутасаддилари иштирок этди.
Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Йўл-қурилиш ишлари сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси раҳбари Зарифулла Хўжановнинг маълум қилишича, мазкур инспекция томонидан 2018 йил давомида йўл қурилиши соҳасида 8 мингдан ортиқ қоидабузарликлар аниқланган. 2500дан ортиқ кўрсатмалар берилган, уларни вақтида ва сифатли бажармаган 302 нафар ходимга турли хил жарималар қўлланган, ҳатто суд томонидан жавобгарликка тортилган. Инспекциянинг 71 268-92-68 рақамли ишонч телефонига ёки uzavtoyul.uz сайтига мурожаат қилиш мумкин. Инспекция эски йўллар сифатига жавоб бермайди, айнан олиб борилаётган йўл қурилишлари сифатини назорат қилиб боради ва бу борада эътирозларни қабул қилади.
Инспекция Низомига асосан, унинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланган:
*юридик ва жисмоний шахслар томонидан йўл қурилиш ишларида, йўл-қурилиш материаллари, маҳсулотлар ва конструкцияларни ишлаб чиқаришда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига риоя этилишини назорат қилиш;
*қурилиши тугалланган йўл объектларини фойдаланишга қабул қилиш бўйича комиссиялар ишида қатнашиш;
*йўл қурилиши юзасидан шаҳарсозлик қонунчилигига риоя қилиниши устидан назорат қилишни ташкил этиш борасида техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида норматив ҳужжатларни ташкиллаштиришга доир таклифлар киритиш ва унда иштирок этиш;
*йўл-қурилиш материаллари, маҳсулотлар ва конструкцияларни стандартлаштириш ва сертификатлаштириш ишларини олиб бориш.
Инспекциянинг тасдиқланган тузилмасига кўра, унда фаолият кўрсатадиган 26 нафар давлат инспектори Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги йўл қурилиши ишларини мунтазам равишда назорат қилиб боришади.
Маълумот ўрнида: хабарни тайёрлаш чоғида мазкур инспекциянинг 71 268-92-68 ишонч рақамли телефонига ҳам, канцеляриясининг 71 268-93-21 рақамига ҳам синов тариқасида қайта-қайта қўнғироқ қилишимиз самара бермади – гўшакни ҳеч ким кўтармади. Автомобиль йўллари давлат қўмитасининг 71 237-26-23 рақами орқали бу инспекцияга уланишнинг ҳам иложи йўқ экан.
Мавзуга оид
21:47 / 18.10.2024
Тирбандлик, трамвай лойиҳаси, ҳайдовчиларга жазо ва темирйўлларда сифат – транспорт вазири билан интервю
13:44 / 09.04.2024
Ҳайит кунида жамоат транспорти бутун республикада бепул бўлмайди – Транспорт вазирлиги
15:08 / 13.02.2024
Ўзбекистонда аёлларга автобус ва юк машиналарини ҳайдашга рухсат берилди
12:25 / 08.02.2024