21-23 февраль кунлари Бухоро шаҳрида Зиёрат туризми бўйича биринчи халқаро форум бўлиб ўтади. Форумни ташкил этишдан мақсад - мамлакат сайёҳлик имкониятлари ва салоҳиятини кенг тарғиб этиш, шунингдек, Ўзбекистонни халқаро миқёсда ислом дунёсидаги зиёрат-туризми бўйича йирик марказлардан бири сифатида эътироф этишдир. Форум якунига кўра, Ўзбекистонда зиёрат туризми истиқболлари бўйича аниқ таклифлар ишлаб чиқилади, шунингдек, республиканинг зиёрат туризми имкониятлари ҳақида жаҳон ҳамжамиятини хабардорлик даражаси ошиши, Ўзбекистон янги сайёҳлик брендини ишлаб чиқиш, зиёратчилар талабларидан инобатга олган ҳолда мавжуд туристик маршрутларни такомиллаштириш ҳам кутилмоқда.

Иштирокчилар

Зиёрат туризми бўйича илк халқаро форумда ислом дунёсининг 120 дан ортиқ нуфузли халқаро ташкилоти, тегишли идоралар, дин уламолари, олий ўқув юртлари, сайёҳлик маъмуриятлари, илмий-академик доиралар, зиёрат туризми бўйича туристик компаниялар вакилларидан иборат хорижий меҳмонлар, шунингдек, маҳаллий ОАВ вакиллари ва туроператорлар иштирок этади. Шу билан бирга, Зиёрат туризми форуми ҳамда республика туристик салоҳиятини кенг ёритиш мақсадида 14 нафар хорижий ОАВ вакиллари, жумладан, Euronews (Франция), «Ал-Жазира» (Қатар), «Ал-Аҳрам ал-иқтисадий» (Миср) журнали ва Diplomatic News (Покистон), «Коммерсант» (Россия), «Ал-Важҳат» (Уммон), «Ал-Ҳаят» (Саудия) вакиллари ҳам иштирок этишади.

Pilgrim visa

Таъкидлаш жоизки, ҳукумат томонидан Ўзбекистоннинг зиёрат туризми йўналишидаги жозибасини ошириш бўйича қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Президентнинг 5611-сонли фармонига кўра, жорий йилнинг 5 январь кунидан Ўзбекистоннинг маданий-тарихий ва диний-маънавий мероси ва анъаналарини ўрганиш учун ташриф буюрувчи хориж фуқароларига 2 ойгача бўлган муддат билан берилувчи Pilgrim visa жорий этилди. 

«Ҳалол» стандарти

2018 йилдан бошлаб мамлакатнинг умумий овқатланиш шохобчалари ва ресторанларда «ҳалол» стандартини амалиётга жорий этиш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Мисол учун, 2018 йил февраль ойидан бошлаб ISO 22000 ва «Ҳалол» озиқ-овқат маҳсулотлари бўйича умумий қўлланма» O’z DSt 3286:2018 давлат стандарти расман жорий этилди.

Кун тартиби

21 февраль. Дастурга кўра, биринчи куни Бухоронинг диққатга сазовор масканлари ва зиёрат туризми объектлари, жумладан Баҳоуддин Нақшбандий мемориал мажмуасини томоша қилиш кўзда тутилган. Шунингдек, зиёрат форумининг VIP-иштирокчилари, жумладан, «Истиқлол» музейи (Индонезия), Crescent Rating (Сингапур), Туркия Дин ишлари қўмитаси, MATTA уюшмаси (Малайзия) ва бошқа ташкилотлар вакиллари билан матбуот анжуманлари ташкил этилади.