Жаҳон | 10:26 / 21.02.2019
24246
4 дақиқада ўқилади

Путин Федерал йиғинга мурожаатида нималар ҳақида гапирди?

Фото: Россия президентининг матбуот хизмати

Россия президенти Владимир Путин Федерал йиғинга 15-бор мурожаат қилди. Мазкур мурожаатнинг асосий мавзулари Kun.uz шарҳида.

Оилаларни қўллаб-қувватлаш

Россия президенти мамлакатда туғилишнинг камайиб бораётганлигини, бу ҳолатга бефарқ қараб туриш мумкин эмаслигини билдирди.

У биринчи ва иккинчи фарзанди учун давлатдан тўлов олаётган ижтимоий ёрдамга муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлаш лозимлигини таъкидлар экан, кўп болали оилаларга солиқ юкини пасайтиришни таклиф қилди.

«Оилага нисбатан солиқ юки пасайиши даркор. Тамойил жуда оддий: фарзанд қанча кўп бўлса, солиқ шунча камаяди. Болали оилалар учун мулк солиғи имтиёзларини оширишни таклиф этаман», деди Путин.

Қашшоқликни бартараф этиш

Путиннинг сўзларига кўра, қашшоқликка энг кўп дуч келадиганлар кўп болали, тўлиқ бўлмаган оилалар, ёлғиз пенсионерлар ва муносиб иш топа олмаётган кишилардир. 

«Давлат одамларга ҳаётдаги оғир вазиятдан чиқиб кетишига ёрдам бериши керак. Бундай ёрдамлардан бири ижтимоий шартнома бўлиши мумкин», деди у.

Соғлиқни сақлаш

«Кўпинча керакли мутахассис кўригидан ўтиш учун бир неча кун навбат кутишга тўғри келади, тез ва бепул тиббий кўрикдан ўтиш имкони йўқ», деди Россия президенти соғлиқни сақлаш тизими хусусида сўзлар экан.

Унинг билдиришича, 2020 йил охирига қадар тиббий ёрдам қаерда яшашидан қатъи назар барча фуқароларни қамраб олиши шарт. Икки йил ичида яна 1,5 мингта кўчма амбулатор пунктлари қурилади.

Таълим тизими

Путиннинг айтишича, 200 мингга яқин бола меъёрдагидек иситиш, сув ва канализация тизими билан таъминланмаган мактабларга қатнайди. У мазкур камчиликларни бартараф этиш билан бирга 2021 йил охирига келиб Россиядаги барча мактаблар юқори тезликдаги интернет билан таъминланиши кераклигини таъкидлади.

Бизнесни таъқиб қилиш

Россия президенти «ҳалол бизнес хавотирда юрмаслиги, жиноий ёки маъмурий жазо хатарини ҳис қилмаслиги керак»лигини айтди.

«Тадбиркорлар учун уларнинг бизнесига нисбатан бўлаётган босим ҳақида оммани хабардор қилувчи ва муаммони ҳал этишга ёрдам берувчи махсус рақамли платформа яратишни таклиф қиламан», деди у.

Ракеталар ҳақидаги келишув

Ўрта ва кичик масофаларга мўлжалланган ракеталарни йўқ қилиш тўғрисидаги шартнома борасида Путин кескин фикрлар билдирди.

«Шартномадан чиқиш учун сохта айбловлардан фойдаланиш ўрнига очиғини айтиш керак эди. Шартномани ўзлари бузишади, сўнгра ўзларини оқлашиб, айбдорларни кўрсатишади. Биз айбловларга жавоб қайтаришга мажбурмиз. АҚШ шартнома талабларини тўғридан-тўғри ва қўпол равишда бузган: Руминияда анчадан бери ракета учириш қурилмалари турибди. Россия Европада янги ракеталарни биринчи бўлиб жойлаштириш ниятида эмас», деди Россия президенти.

Владимир Путиннинг сўзларига кўра, Россия нафақат ўзига нисбатан хавф туғдирадиган ҳудудларда, балки мамлакатга таҳдид солувчи ракета мажмуаларини қўллаш тўғрисида қарор қабул қилинадиган марказлар жойлашган ҳудудларга нисбатан ҳам фойдаланиш мумкин бўлган қурол-яроғ турларини яратади ҳамда жойлаштиради.

Мавзуга оид