Стэнфорд университетидаги Анестезиология ва оғриқ тадқиқотлари институти инсон ҳис қилиши мумкин бўлган энг кучли оғриқ турлари рейтингини тузишди. Рейтингга кўра, уч шохли нервнинг яллиғланиши энг кучли оғриқ берар экан. Бу оғриқни ҳис қилганлар уни 10 балли шкаладан 10 баллга баҳолашган. Аёлларнинг айтишича, бу оғриқ туғуруқ вақтидаги оғриқдан ҳам кучлироқдир.
Kun.uz «Соғлом ҳаёт» лойиҳаси орқали айнан уч шохли нерв невралгияси ҳақида тажрибали мутахассис билан биргаликда фойдали маълумотлар бериб ўтади.
Энди беморлар оғриқсиз табассум қилиши, гапириши ва овқатланиши мумкин.

Уч шохли нерв невралгиясининг клиник намоён бўлиш белгилари
Кўп ҳолларда уч шохли нерв невралгияси тиш оғриғи сингари намоён бўлади. Даставвал бемор тиш оғридан шикоят қилиб стоматологларга мурожаат қилади, врач оғиз бўшлиғини текширувдан ўтказади, лекин оғриқ давом этади. Айрим ҳолларда беморнинг қистови билан соғлом тишлар ҳам олиб ташланади.
Шунга қарамай оғриқ бошқа тишларда пайдо бўлади. Оғриқ чидаб бўлмас даражага етади, бу худди беморнинг юз қисмига электр токи ургандек намоён бўлади. Тишларни тозалаш, овқатланиш, совуқ ҳаво ва ҳатто гаплашиш ҳам оғриқни қўзғатиб юборади.
Бемор оғриқлардан қўрқиб қолади, "оғриғим бошланиб қоладими?",- деб доим қўрқиб туради. Оғриқ қаттиқ бўлган вақтларда бемор юзининг оғриқ бўлаётган қисмини қаттиқ босишга, оғриқни пасайтиришга ҳаракат қилади.
Баъзан юздаги оғриқларга оғиз бўшлиғи ва тилдаги оғриқлар ҳам қўшилади. Кўпинча беморлар кетма-кет бир нечта соғлом тишларини ҳам олдириб юборишади ва шундан сўнг неврапатолог қабулига келишади.
Уч шохли нерв невралгиясини даволаш
I. Консерватив услубда даволаш:
Уч шохли нерв невралгиясини даволашнинг консерватив босқичида асосан антиконвулсантлар қабул қилинади: карбамазепин (финлипсин, карбалекс). Даволашнинг кейинги босқичларида габапентин (габагамма, тебантин) ёки прегабалин (лирика) каби дори воситалари қўлланилади. Лекин вақт ўтиши билан ушбу дори воситалари ҳам оғриқни етарли миқдорда пасайтира олмай қолади. Бундай ҳолатларда бемор жарроҳлик йўли орқали даволанади.
II. Жарроҳлик услубида даволаш:
Ҳозирги кунда замонавий тиббиётда икки хил услубдаги жарроҳлик амалиётлари кенг тарқалган.














