Мамлакатимизда инсон ва унинг манфаатлари олий қадрият саналади. Шу боис ҳар бир фуқаро эмин-эркин яшаш ҳуқуқига эга. Сурхондарё вилояти Термиз туманида истиқомат қилувчи Алмурод Тўраев ҳам 2 ўғил, 2 қизни тарбиялаб, турмуш ўртоғи билан тинч-тотув, бахтли ҳаёт кечириб келаётган эди. Бироқ ўғилларининг ноқобил чиқиши ота бошини маҳалла-кўй, қариндош-уруғ, ошна-оғайнилар олдида хам қилди.

1974 йилда ҳамда 1987 йилда туғилган ака-ука Илҳом ва Эркин Тўраев 2011 йил Россияга ишлаш учун боради. Афсуски, улар у ерда «Ўзбекистон ислом ҳаракати» халқаро террористик ташкилоти сафига қўшилиб қолишади ва одамларни ёллаш билан шуғуллана бошлашади. Шу орада Илҳом Тўраев турмуш ўртоғи ва фарзандларини ҳам ёлғон ваъдалар билан ўз ёнига чақириб олади. Аммо, Илҳомнинг қинғир ҳаракатлари узоққа чўзилмайди. Тез орада у ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан қўлга олиниб, Ўзбекистонга депортация қилинади.

Илҳом Тўраев қўлга олинган вақтда унинг укаси Эркин Туркиянинг Истанбул шаҳрида қўним топиб, Покистон, Афғонистон ва Сурия давлатларидаги «Ўзбекистон ислом ҳаракати» ва «Имом ал-Бухорий катибаси» халқаро террористик ташкилотлар сафига янги аъзоларни ёллаш ва жўнатиш ишлари билан шуғулланиб келарди. Шундан сўнг Эркин 2013 йил акасининг турмуш ўртоғи ва фарзандларини Россиядан Туркияга чақириб олади ва уларни ҳам ўзларининг сафига қўшади...

2019 йил Алмурод Тўраев учун хайрли бошланди. Сабаби, тўнғич фарзанди Илҳом Тўраевнинг турмуш ўртоғи ва 3 нафар вояга етмаган фарзанди Давлат хавфсизлик хизмати ходимларининг саъй-ҳаракатлари билан Туркиядан Ўзбекистонга қайтарилди. Бу қувончли хабар 67 ёшни қаршилаган Алмурод Тўраевнинг эртанги кунга бўлган ишончини қайта уйғотди.

– 2013 йил ўзга юртларга кетиб, адашиб диний оқимларга аралашиб қолдим, – дейди Холбиби Кўчирова. – Истанбул шаҳрида фарзандларим билан ижарада қийналиб яшадим, болаларимнинг ҳужжатлари йўқ эди, ҳеч қаерга мурожаат қилолмадим. 10 ёшли катта фарзандим ҳужжати йўқлиги учун мактабда ўқий олмади. Ватанга қайтгим келарди, лекин қайтишнинг иложи бўлмади. Президентимизга минг раҳмат, бизга шундай имкониятлар берди. Мана бугун фарзандларим билан ўз уйимда ўтирибман.

Алмурод ота ҳам марҳум турмуш ўртоғи билан фарзанд доғида ҳаётнинг кўп машаққатларини чекди. Келини ва набираларини кўришдан бутунлай умидини узган бир маҳалда, бу кун отахон учун эсда қоларли бўлди. Шундай оғир дамда халқимизга хос меҳр-оқибат унга далда бўлганини гапирар экан, кўз ёшларини тийиб туролмади.

– Шунча йиллар давомида фарзандларим, набираларимни кўришнинг имкони бўлмасдан, мана шу азобда раҳматли аёлим билан кутиб яшадик, – дейди Алмурод ота. – Бугунги хурсандчилик кўз ёшларига етказган Юртбошимизга минг раҳмат. Ўтган йили фарзандларим доғида аёлим қазо қилди. Бир ўзим шу ҳовлида қолдим. Президентимизга яна бир бор раҳмат.