Жаҳон | 17:08 / 22.02.2019
8570
2 дақиқада ўқилади

«Трамп билан ёлғиз қолиш»: КХДРнинг АҚШ билан иккинчи саммитдаги режаси айтилди

Фото: Saul Loeb/AFP via Getty Images

Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Иннинг АҚШ президенти Дональд Трамп билан иккинчи саммитдаги асосий мақсадларидан бирига Жанубий Кореяда АҚШ қўшинлари сонининг қисқартирилишига эришиш айланиши мумкин. Бу ҳақда Bloomberg агентлиги ёзмоқда.

Агентликнинг таъкидлашича, Шимолий Корея етакчиси Трамп учун анъанавий усулдан фойдаланишга ҳаракат қилади: яккама-якка учрашувлар вақтида кутилмаган ён беришга бориш.

«Улар [Пхеньян музокарачилари] хонада АҚШ президенти Дональд Трамп билан ёлғиз қолиш ва ундан нимани олиш мумкинлигини кўришга умид қилишмоқда», - деди президент Жорж Буш даврида Шимолий Корея масалалари бўйича музокарачи Кристофер Хилл.

Трамп маъмуриятининг юқори мансабли амалдори айтишича, шимолий кореялик мулозимлар АҚШ вакиллари билан ўз учрашувларида шу пайтга қадар жуда кам нарса беришган.

Манбанинг қўшимча қилишича, Вашингтон Ким Чен Ин Трампга уни ишонтириши мумкин бўлган ва Америка етакчисини бирор нарсани қурбон қилишга илҳомлантирадиган таклиф билан чиқиши эҳтимоли борлигидан ташвишда. Бироқ, бундай таклифнинг оқибатлари анча катта бўлади.

АҚШ ва КХДР саммити Вьетнамда 27-28 февраль кунлари бўлиб ўтади.

Мавзуга оид