Талабалик бахтига эришган ўспириннинг ҳолатини тасаввур қилиш қийин эмас: сессия жараёни ҳақида турли узунқулоқ гаплар, нотаниш муҳит, ўқитувчилар билан муносабат, ҳар бир фандан охири кўринмайдиган адабиётлар рўйхати... Устига-устак, олий ўқув юртларида таълимнинг муайян қисми мустақил ўзлаштиришга ажратилган бўлади. Чекланган муддатда катта билимлар базасини ўзлаштириш керак. Тошкент давлат юридик университетида шу каби масалаларда дастак бўладиган янги лойиҳа ишга тушиш арафасида. 

Университетда таълим олаётган талабалар орасида ўз-ўзини бошқариш тизимини самарали ташкил этиш ҳамда мустақил таълим жараёнини ривожлантириш мақсадида Senior&Junior дастури йўлга қўйилмоқда. У талабалар ўртасида бир-бирини ўқитиш ва ўзаро ҳамкорликни назарда тутади.

«АҚШ ва Япония таълим тизими билан танишганимда, талабаларнинг ўқиш билан боғлиқ масалаларда бир-бирига ёрдамлашишига асосланувчи дастурдан бохабар бўлдим. Яъни яхши билимга эга юқори курс талабалари ўқишга янги кирганларга фанларни ўзлаштириш, университет ҳаётига кўникиб, самарали менежмент борасида йўл-йўриқ кўрсатади. Буни ўзимизда ҳам йўлга қўйиш бўйича таклиф берганимда университет маъмурияти қўллаб-қувватлади», – дейди ғоя муаллифи, ТДЮУ фуқаролик ҳуқуқи факультети талабаси Абдурашид Ҳакимов.

Лойиҳа сеньёр (инглизчадан «катта») ва жуниор (инглизчадан «кичик») муносабатларига асосланади. Сеньёр муайян фанлар бўйича яхши кўрсаткичларга эга бўлган, жуниор эса таълим жараёнида қандайдир муаммоларга дуч келаётган талаба. Уларнинг бири иккинчисига қийинчилик туғдираётган масалаларда ёрдам кўрсатади.

«Мисол учун, университет талабаларининг 20 фоизи аъло баҳога ўқиса, 30 фоизи яхши баҳога ўзлаштиради. Қолган  50 фоизи эса яхшидан қуйироқ, қониқарли даражада билимларни эгаллайди. Бизнинг бош мақсадимиз – мана шу 50 фоизни яхши даражага, яхши даражадагиларни эса аълога кўтариш. Ўзлаштириши аъло бўлган 20 фоиз талаба учун эса бу ўз билим ва кўникмаларини мустаҳкамлашнинг қулай усулидир», – дейди Абдурашид Ҳакимов.

Унинг баён этишича, лойиҳа беш асосий функцияни ўз ичига олади. 

Биринчидан, лойиҳа талабаларни бир оиладек бирлаштиради. Университетга энди келган биринчи курс талабаси оддий масалаларда қийналиб қолиши мумкин: бинолар, кафедралар қаерда жойлашган, ўқитувчиларни қандай топиш мумкин, сессияда қандай тайёргарлик кўрган маъқул... Шу каби масалаларда юқори курс талабалари ёрдам берса, аниқ мақсад ─ самарали таълим олишга эришиш осон кечади.

Иккинчи функция – талабаларни рағбатлантиришни кўзда тутади. Мисол учун, биргаликда ишлаган сеньёр ва жуниорнинг ўзлаштириш кўрсаткичи аввалги семестрга қараганда бошқаларникидан юқори бўлса, улар тақдирланади. Бу ўсиш борлигидан далолат беради.