Жаҳон | 15:44 / 24.02.2019
6208
2 дақиқада ўқилади

Макрон "сариқ нимчалилар"нинг жаҳлини чиқармаслик учун курортга бормайди

Фото: EPA

Франция президенти Эммануэль Макрон тоғ чанғи спорти ишқибози ҳисобланади, аммо бу йил у ўзининг севимли спортидан вақтинча воз кечишига тўғри келади, деб ёзмоқда Le Parisien газетаси. 

Одатда Макрон турмуш ўртоғи билан болалиги ўтган Ла Монжи курортига боради. Аммо у бу йил "сариқ нимчалилар" — норозилик намойишлари қатнашчиларининг жаҳлини чиқармаслик учун тоғ курортларига бормайди.

Ла Монжи арзон курорт бўлиб, у ерда бойлар ва машҳурларни учратиш қийин. Лекин Макрон арзон курортга ҳам боришдан воз кечди. Бунинг сабаби эса аҳолига мана шундай камтарона дам олишга ҳам барчанинг қурби етмаслигини эслатишдан қочишдир. Статистикага кўра, французларнинг 8 фоизигина бир йилда икки марта тоғ-чанғи курортларига боради, учдан икки қисми эса қишки таътилда ҳеч қаерга бормайди.

Умуман олганда, француз етакчиларининг тоғли курортларда дам олиши давлат бюджетига қимматга тушади. Масалан, мамлакатнинг собиқ бош вазири Франсуа Фийон учун чанғичи полициячилардан иборат махсус гуруҳ тузишга тўғри келган. Унинг ҳар бир саёҳати ғазнага тахминан 10 минг еврога тушган.

Мавзуга оид