Фан-техника | 16:26 / 26.02.2019
6040
3 дақиқада ўқилади

Одноклассники қўллаб-қувватлаш хизматига эга, аноним тартибда ишловчи чат фаолиятини бошлаб юборди

Фото: Одноклассники

Одноклассники рўйхатдан ўтмаган фойдаланувчиларга онлайн-чатда ижтимоий тармоқлар ўртасида биринчилардан бўлиб ёрдам бера бошлади. Паролни ўзгартириш ёки ўчирилган профиль билан боғлиқ масалаларни энди қўллаб-қувватлаш хизмати ходимлари билан шахсий ёзишмалар орқали, ижтимоий тармоқ саҳифасига кирмаган ҳолда ҳал этиш мумкин.

Рўйхатдан ўтмаган фойдаланувчилар мурожаатларининг 70 фоизи ОК қўллаб-қувватлаш хизматига йўналтирилади. Бунда мулоқот онлайн-чатда почтадан фарқли равишда тезроқ ўтади, демак ижтимоий тармоқ саҳифасига кириш имкониятини қайта тиклаш учун камроқ вақт талаб этилади. Илгари қўллаб-қувватлаш хизмати билан мулоқот фақат почта орқали амалга оширилар, жавобга тахминан 2 соат вақт сарфланар эди. Энди жавобнинг ўртача вақти 2-5 дақиқадан ошмайди, профилни қайта тиклаш учун эса 15-20 дақиқа (почтадан фарқли равишда 5 баравар кам) вақт сарфланади, холос.

Ҳозирча чат орқали қўллаб-қувватлаш хизматига масалан, паролни қайта тиклаш коди келмаган ёки профилни телефон рақами орқали тиклаш мумкин бўлмаган ҳолатлар юзасидан айрим намунавий мурожаатларни жўнатиш мумкин. Келгусида аноним тартибдаги барча масалалар чатда қайта ишланади.

Янги имкониятдан ижтимоий тармоқнинг веб-версиясида фойдаланиш мумкин. Қўллаб-қувватлаш хизматига эга чатни очиш учун “Паролни унутдингизми?” тугмасини босиш, ўз профилини топиш ва шундан сўнг “Биз билан боғланинг” ҳаволасини босиш лозим. Тегишли шакл тўлдирилганидан сўнг, экраннинг қуйи бурчагида қўллаб-қувватлаш хизматига эга чат очилади.

Келгусида фойдаланувчиларнинг қўллаб-қувватлаш хизмати билан аноним тартибдаги мулоқоти автоматик тарзда амалга оширилади: мурожаатларнинг кўп қисмини махсус чат-бот қайта ишлайди. Шунингдек, онлайн-чатдан ОКнинг мобил версиясида ҳамда ижтимоий тармоқнинг iOS ва Android учун мўлжалланган иловаларида фойдаланиш мумкин бўлади.

Қўллаб-қувватлаш хизмати ўз фаолиятини рўйхатдан ўтган фойдаланувчилар учун ОКнинг бевосита хабарномалар сервисида 2017 йилда бошлаб юборди. Ушбу давр мобайнида жавобнинг ўртача вақти 7 баравар қисқарди ва айни пайтда қарийб 3 дақиқани ташкил этади. Шу муносабат билан ижтимоий тармоқнинг қўллаб-қувватлаш хизмати сутка мобайнида фойдаланувчиларнинг 10 мингтадан ортиқ саволларига жавоб беради.

Мавзуга оид