Шу йил 31 май куни ЖИБ Нурота туман судида Хатирчи туманида яшовчи 57 ёшли аёлга суд ҳукми (pdf) ўқилди (ҳукм Олий суднинг онлайн платформасига жойланган). Маълум бўлишича, судланувчи аёл 2015-2019 йилларда Туркиянинг Истанбул шаҳрида қарияларга қаровчи бўлиб ишлаган.
2018 йилда “Одноклассники.ру” ижтимоий тармоғида профиль очган ҳамда ўзбекзабон шахснинг “бенамозлик” ҳақидаги 5 дақиқалик видеомаърузасига “класс” белгисини босган.
Аёл уйига қайтганидан 4 йил вақт ўтиб, 2023 йил 15 феврал куни ИИБ ходимлари уни Хатирчи тумани ИИБга қарашли милиция таянч пунктига чақирган. Суд ҳужжатларида аёлнинг мобил қурилмаси ва ижтимоий тармоқлардаги профили “тегишли санкция орқали” кўздан кечирилгани ёзилган. ИИБ ходимлари аёлнинг “Одноклассники” профилини ҳам текширган ва юқоридаги видеога лайк босганини топишган.
Тергов органи аёл мазкур постга “класс” муносабат белгисини босиб, Интернет жаҳон ахборот тармоғида ўзининг 130 нафар виртуал дўстларига тарқатган, дея квалификация қилган.
Аёлнинг “Моторолла” русумли қўл телефони 2023 йил 15 февраль куни ашёвий далил тариқасида олинган ҳамда Дин ишлари бўйича қўмитанинг экспертиза хулосасига асосан ушбу маъруза диний ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилгани, шунингдек уни Ўзбекистон ҳудудига олиб кириш, тайёрлаш ва тарқатиш тақиқлангани аниқланган.
Суд ҳужжатларида маълум бўлишича, айбланувчи ушбу ҳаракатни эслай олмаган. Яна бир муҳим жиҳат – аёл ушбу “класс”ни Ўзбекистон ҳудудида эмас, балки Туркияда (Истанбул шаҳри) мигрант сифатида ишлаб юрганида босган.
Аёл судда ўзи “класс” босган постлари виртуал дўстларига тарқалишини билмаганлиги, қачон ва нима сабабдан босганлигини ҳам эслай олмаслигини ҳамда ишидан пушаймонлигини айтган. Бундан ташқари, 57 ёшли нафақахўр аёл соғлиғи яхши эмаслиги, ковиддан сўнг оёқларида суяк емирилиши хасталиги пайдо бўлганлиги, ҳассага суяниб қолганлиги, қарамоғида 3 нафар фарзанди борлигини айтиб, суддан енгиллик сўраган.
Судда 2 нафар гувоҳ аёлнинг профилида юқоридаги маърузага “класс” босилганини тасдиқлаган.
Айбланувчининг ўғли онаси билан "Однакласники" орқали гаплашиб турганини, лекин бундай маърузага "класс" босилганидан бехабар эканини айтган ҳамда онаси учун суддан енгиллик сўраган.
Дастлабки тергов органи аёлни ЖКнинг 244-1-моддаси 3-қисми “г” банди — жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган диний ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган материалларни тарқатиш мақсадида сақлаш ва Интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланган ҳолда тарқатишда айблайди.















