Ўзбекистон | 16:20 / 27.12.2023
16112
2 дақиқада ўқилади

Қашқадарёда “Odnoklassniki.ru” сайтидаги постларга лайк босган йигитга чора кўрилди

Дин ишлари бўйича қўмита Қашқадарё вилоят бўлимининг 2023 йил 16 декабрдаги IIB-426-сонли хулосасида, ўша постларда фуқароларнинг диний эътиқодига қараб уларнинг диний ҳис-туйғуларини ҳақоратлашга қаратилган фикрлар мавжуд бўлган.

Фото: Kun.uz

Қашқадарёда “Odnoklassniki.ru” сайтидаги постларга лайк босган йигитга чора кўрилган. Бу ҳақда вилоят суди матбуот котиби хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, 2023 йил 13 декабр куни фуқаро А.О.нинг “Odnoklassniki.ru” сайтида очилган профили кўздан кечирилганида, ушбу профилда 4 та файл мавжудлиги аниқланган.

Дин ишлари бўйича қўмита Қашқадарё вилоят бўлимининг 2023 йил 16 декабрдаги IIB-426-сонли хулосасида, ушбу файллардаги маълумотларда фуқароларнинг диний эътиқодига қараб уларнинг диний ҳис-туйғуларини ҳақоратлашга қаратилган фикрлар мавжудлиги, шу сабабли уларни Ўзбекистонга олиб кириш, тайёрлаш ва тарқатишга рухсат этилмаслиги қайд этилган.

Текширувларда А.О. «ёқди» белгисини босиши оқибатда ўша постлар унинг виртуал дўстлари ва обуначиларига ҳам тарқалгани маълум бўлган.

Жиноят ишлари бўйича Шаҳрисабз шаҳар судининг 2023 йил 18 декабрдаги қарорига асосан А.О. МЖтКнинг 184-3-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этган деб топилган ва шу кодекснинг 33-моддаси тартибида БҲМнинг 3 баравари миқдорида жарима жазоси тайинланган.

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид