26 февраль куни Тошкентда АҚШ халқаро ривожланиш агентлиги (USAID)нинг Ўзбекистондаги суд-ҳуқуқ ислоҳотига доир дастури тақдимоти ўтказилди. Тадбирда адлия вазири Р.Давлетов, USAID ва бошқа халқаро ташкилотлар, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари иштирок этди. Адлия вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими Kun.uz'га шу ҳақида хабар берди.


Маълумот учун: USAIDнинг Ўзбекистонда суд-ҳуқуқ ислоҳоти бўйича дастури (JRUP)нинг амалга оширилиши умумий миқдори 10 млн АҚШ долларидан ошиқ маблағни ташкил этади. Дастур 3 йиллик муддатни ўз ичига қамраб олган бўлиб, мамлакатимиз ҳукуматининг қонун устуворлигини таъминлаш, қонунчилик ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш ҳамда республикада фуқаролик жамиятини ривожлантириш каби саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашга йўналтирилган. Дастурнинг асосий мақсадлари – қонун устуворлигини таъминлашни қўллаб-қувватлаш, юристлар ва суд-ҳуқуқи тизими ходимларининг малакасини ошириш, фуқаролик жамияти ва ННТ учун қулай ҳуқуқий муҳитни шакллантиришдир.
Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ, Ўзбекистонда кенг кўламли ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Суд ҳокимияти ва кафолатларининг чин мустақиллигини мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш, қонунчиликни такомиллаштириш, жиноятчиликка қарши курашиш тизими самарадорлигини ошириш, ҳуқуқбузарликларни олдини олиш, суд жараёнида тортишувлилик тамойилини тўлиқ амалга ошириш, юридик ёрдам ва ҳуқуқий хизматлар кўрсатиш тизимини такомиллаштиришга йўналтирилган қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш - устувор йўналишлардан саналади.

USAID'нинг Ўзбекистондаги суд-ҳуқуқ ислоҳотига доир дастурининг амалга оширилиши ўтган йилнинг 8 июнида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва USAID ўртасида имзоланган Қонун устуворлигини мустаҳкамлашни қўллаб-қувватлаш бўйича ўзаро англашув меморандумида кўзда тутилган. Бу давлатимиз раҳбарининг АҚШга амалга оширган давлат ташрифи доирасида адлия вазирининг Вашингтон шаҳрида имзолаган келишувларининг мантиқий давоми бўлди. Меморандум суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларини амалга ошириш ва имплементация қилиш бўйича Ўзбекистон Республикасини қўллаб-қувватлашда асос бўлиб хизмат қилади.














