Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 26 февраль куни ижтимоий-иқтисодий ривожланиши ортда қолаётган ҳудудлар масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказди.

«Мамлакатимиз иқтисодиётини барқарор ривожлантириш, ҳудудлар фаровонлиги ва аҳоли ҳаёт даражасини оширишга қаратилган кенг кўламли чора-тадбирлар белгиланган. Уларни самарали амалга ошириш мақсадида давлат раҳбарининг фармонига мувофиқ, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳамда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ташкил этилди. Ҳудудлар ва тармоқларни комплекс ривожлантириш, ишлаб чиқариш кучларини мутаносиб жойлаштириш Иқтисодиёт ва саноат вазирлигининг, тармоқ ва ҳудудий инвестиция дастурлари ишлаб чиқилиши ҳамда амалга оширилишини таъминлаш, корхона ва ташкилотларнинг экспорт фаолиятини мувофиқлаштириш Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигининг асосий вазифалари этиб белгиланди. 

Энди мазкур вазирликлар ўзаро мувофиқ ишлаб, бозор талаблари асосида мавжуд имкониятларни тўлиқ ишга солиш, ҳудудлар ва тармоқларни жадал ривожлантириш чораларини кўради. Бугунги кунда ялпи ички маҳсулотда саноатнинг улушини оширишга алоҳида эътибор қаратилиб, бу борада қатор лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда», дейилади президент матбуот хизмати хабарида. 

Давлат раҳбари аксарият лойиҳалар инфратузилма қулай бўлган туманларга жойлаштирилиб, бошқа ҳудудлар эътибордан четда қолмаслиги кераклигини таъкидлаган. 

Ўзбекистонда 32 туманда саноатнинг улуши вилоят кўрсаткичининг 3 фоизига ҳам етмаслиги танқид қилинди. Ушбу туманларнинг географик жойлашуви, хомашё базаси, меҳнат ресурсларидан кенг фойдаланиш имкониятлари кўрсатиб ўтилди.  

Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Инвестиция ва ташқи савдо вазирлиги, Давлат геология қўмитасига ҳар бир туман кесимида қазилма бойликлари захирасидан келиб чиқиб, уларни саноатлаштириш бўйича инвестиция лойиҳаларини шакллантириш вазифаси қўйилди. 

266 минг гектар ернинг унумдорлиги пасайиб, фойдаланишдан чиқиб кетгани қайд этилди. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлигига бу жойларда сув тежайдиган технологияларни жорий этиш ҳисобига қишлоқ хўжалигини ривожлантириш бўйича дастур ишлаб чиқиш топширилди. 

Қўшни давлатлар билан чегарадош туманларнинг логистика, экспорт ва сервис салоҳиятидан самарали фойдаланиш бўйича ҳам кўрсатмалар берилди.