Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишдан олинган тушумни хронометраж кўздан кечиришдан ўтказиш ҳамда камайтирилган тушум суммасидан солиқларни ҳисоблаб чиқиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги ҳужжат лойиҳаси жойлаштирилди.

Низомга кўра, хронометраж кўздан кечириш ўтказишга бошқа шахсларни, шу жумладан экспертларни жалб этишга йўл қўйилмайди.

Пул тушумини, ишлаб чиқариш ҳажмларини ва товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилиш ҳажмларини хронометраж кўздан кечириш товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилувчи солиқ тўловчиларда, бевосита товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилиш жойида, маҳсулот ишлаб чиқариш цехларида, шунингдек ишларни бажариш ва хизматлар кўрсатиш жойларида ҳамда солиқ тўловчи даромадлар олиш учун фойдаланаётган ёхуд солиқ солиш объектларини сақлаш билан боғлиқ бошқа жойларда давлат солиқ хизмати органларининг мансабдор шахслари томонидан кузатиш ва қайд этиш орқали ўтказилади.

Хронометраж кўздан кечиришни амалга ошириш жараёнида солиқ тўловчидан ҳисобга олиш ҳужжатларини талаб қилишга, солиқ тўловчига нисбатан талаблар қўйишга ёки солиқ тўловчининг фаолиятига бошқача тарзда аралашишга йўл қўйилмайди, бундан солиқ тўловчидан ҳамда раҳбарлик вазифаларини ёки бухгалтерия ҳисоби ва молиявий бошқарув вазифаларини амалга оширувчи шахслардан, солиқ тўловчининг бошқа моддий жавобгар ходимларидан тушунтиришлар олиш, шунингдек назорат-касса машиналарида ва тўлов терминалларида сақланаётган хронометражни ўтказиш даврига доир маълумотларни олиш мустасно.

Хронометраж кўздан кечиришни ўтказиш муддати кетма-кетликда етти календарь кундан ортиқ бўлмаган ҳолда, солиқ тўловчининг белгиланган иш режими ва фаолият туридан келиб чиқиб ўтказилади. Хронометраж кўздан кечиришни ўтказиш муддати дам олиш кунларига тўғри келган тақдирда, дам олиш кунлари ҳисобига ўтказиб юборилган муддат кейинги иш кунидан бошлаб ҳисобланади.

Бунда, хронометраж кўздан кечириш солиқ тўловчининг кунлик иш вақтини тўлиқ қамраб олган ҳолда, жойлашган жойидан қатъий назар барча объектларида бир вақтнинг ўзида ўтказилади.

Хронометраж кўздан кечириш солиқ текшируви ҳисобланмайди ва текширишларни рўйхатга олиш китобига ёзув киритилмайди.

Хронометраж кўздан кечиришни тайинлашга тушумларнинг ҳақиқий ҳажмларини, пул тушуми суммаларини, ишлаб чиқариш ҳажмларини, товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилиш ҳажмларини аниқлаш зарурияти асос бўлади.