Ўзбекистон 2020-2024 йилларда мамлакатдаги олтин захиралари 474 тонна ва уран захиралари 32 минг тоннага кўпайишини прогноз қилмоқда. Пул кўринишида бу 18,7 миллиард долларга тенг.
Геология ва минерал ресурслар бўйича давлат қўмитаси томонидан ишлаб чиқилган, 2020-2024 йилларда Ўзбекистон геологик соҳасини ривожлантириш концепциясида қайд этилишича, мамлакат геология-қидирув ишларини кенгайтириш орқали олтин ва уран захираларини оширишни режалаштирмоқда.
Ҳужжатда таъкидланишича, 2019 йилда мамлакатда олтин захиралари 89,7 тоннага, уран захиралари эса 6200 тоннага ортади.
Ҳужжат 2020 йилдан 2024 йилгача бўлган даврда янги олтин конларини қидириш ва баҳолаш учун 230 млн доллар ажратишни назарда тутади. Уран конларини излаш учун 59 миллион доллар ажратилади. 2017 йилги натижаларга кўра, мамлакатда олтин қазиб олиш 89,9 тоннани ташкил этди.
Расмий маълумотларга кўра, ҳозирги олтин захиралари олти минг тоннани ташкил этади. Уран захиралари 97 000 тонна. Уран ишлаб чиқариш йилига 3600 тоннани ташкил этади.

















