Ўзбекистон | 00:51 / 27.02.2019
18287
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда янги агентлик ташкил этилиши кутилмоқда

26 февраль куни Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтида «Ўзбекистонда биогаз қурилмаларини кенг жорий қилиш ва маҳаллий ишлаб чиқаришни ривожлантириш» масалаларига бағишланган давра суҳбати ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан ташкил этилган мазкур давра суҳбатида соҳа олимлари, биогаз  ёқилғиси қурилмаларини етказиб берувчи тадбиркорлар, шунингдек, ОАВ вакиллари иштирок этди.

Учрашувда иштирокчилар томонидан биогаз ёқилғисининг аҳамияти, уни ишлаб чиқариш технологиялари, мазкур соҳада жаҳон тажрибаси ва Ўзбекистонда биогаз ишлаб чиқариш муаммолари муҳокама қилинди. 

Таъкидланганидек, табиий газ тугалланмас манба эмас. Тахминларга кўра, Ўзбекистон табиий гази ҳам ҳозирги истеъмол даражаси билан ҳисоблаганда 40-45 йиллик захирага эга. Шу сабабли, олимлар томонидан табиий газ ва электр энергия манбааларига муқобил ёқилғи манбаларини топиш долзарб масала ҳисобланади. Биогаз эса нисбатан арзон экологик ёқилғи сифатида чорвачилик, паррандачиликнинг қаттиқ, маиший ва суюқ чиқиндилари, ўсимлик қолдиқлари, оқова сув ва бошқа манбалардан олиш мумкинлиги билан табиий газга муқобил ёқилғи ҳисобланади. 

«Ҳеч кимга сир эмас, республикадаги жуда катта майдонларимиз деградацияга учраган, ернинг эгаси фермер ҳам буни яхши билади. Бироқ, ҳар йили ерга тонналаб селитра киритилаверади, чунки ҳосил топшириш режаси бор. Тасаввур қилинг, агар ўша фермер хўжалигида биогаз ва уни олиш жараёнида олинадиган биоўғитдан фойдаланишни жорий қилишга эришса ҳам ёқилғи, ҳам ўғит харажатидан ютилади-ку, шунингдек, ерларнинг сифати ҳам  яхшиланади», - дейди Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти ўқитувчиси Шавкат Имомов.

Биогаз технологияларини жорий қилишда аввало ундан фойдаланувчиларнинг билимини ошириш зарур. Шунингдек, биогаз технологияларини жорий қилишда Ўзбекистон ҳукумати томонидан уни жорий қилувчи фермер ва тадбиркорлар учун маълум енгилликлар ҳам берилиши лозим. Бир сўз билан айтганда, биогаз бу - келажак», - дея мутахассиснинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири. 

Давра суҳбатида, Инновацион ривожланиш вазирлиги Ёқилги энергетика тармоғини ривожлантириш бўлими бошлиғи Санжар Бердиев ҳам ўз фикрларини билдирди. Хусусан, Бердиевнинг айтишича, Ўзбекистонда биогаз, умуман, қайта тикланувчи энергия манбалари ёқилғиси ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва ушбу жараёнда фойдаланиладиган технологияларнинг сифат назоратини амалга ошириш учун ягона ваколатли орган – Қайта тикланадиган энергетика агентлигини ташкил этиш режалаштирилмоқда. 

Мазкур агентлик республикада қайта тикланувчи энергия манбаларини ишлаб чиқариш, истеъмолга жорий қилиш ишларини амалга оширади. Ҳозирда вазирлик ва тегишли ташкилотлар билан бу борада қилиниши лозим бўлган ишлар ҳал этилмоқда, дейди вазирлик вакили.

Мавзуга оид