Россия бош штаби бошлиғи Валерий Герасимов 16 октябр куни президент Владимир Путинга ҳисобот бериш чоғида яна бир бор Россия армиясининг фронтдаги муҳим «муваффақиятлари» – хусусан, Добропиля эгаллангани ва Россия қўшини шитоб билан олдинга бораётгани ҳақида гапирди. Аммо, Купянск ёки Святогорск эгаллангани ҳақидаги олдинги баёнотларда бўлгани каби, Россиянинг бу сафарги ҳисоботи ҳам реалликдан йироқ.

Герасимовнинг сўзларига кўра, 1 сентябрдан буён Россия армияси Украина ҳудудининг 1,8 минг км кв қисми ва 92 та аҳоли яшаш манзилини эгаллаб олган. Бундай ҳудудлар қаторида Украина қуролли кучларининг Добропиля (Донецк области) ва Великомихайловка (Днипропетровск области) каби муҳим истеҳкомлари ҳам саналган.

Фото: Россия мудофаа вазирлиги
Добропиля – Днипропетровск области билан маъмурий чегарадаги сўнгги йирик саноат шаҳри. Ҳозирда ушбу шаҳар учун жанглар давом этмоқда, Украина ҳам, Россия ҳам уни назорат қилаётганини таъкидламоқда.

Запорижжя областида эса россиялик ҳарбийлар Малокатериновка қишлоғини эгаллаб, област марказига 5 км масофада яқинлашгани маълум қилинган. Суми областида, Россия бош штаби таъкидлашича, Садки қишлоғи яқинида Украина қўшинлари гуруҳи тор-мор этилган, Харкив области шимоли-шарқида эса Украина қуролли кучларининг 2 минг жангчиси бўлган «котёл» йўқ қилинган.

Россия ҳукумати фронтдаги муваффақиятлар ҳақидаги баёнотларни тасдиқловчи фото ёки видеоёзувлар тақдим этмаган.

Ўз навбатида, Украина душман қўшинлари сезиларли даражада олдинга силжигани ҳақидаги хабарларни нафақат рад этган, балки жанг майдонидаги вазият бунинг мутлақо акси эканини таъкидлаган.

«Бу йилги тенденция сақланиб қолмоқда: куз бошидан бери ҳарбийларимиз руслар босиб олишга муваффақ бўлганидан кўра кўпроқ ҳудудни озод қилди. Йилнинг бошқа даврларида ҳам шундай бўлганди», – деди президент Володимир Зеленский 18 октябр куни.

Томонларнинг баёнотлари

Донецк области ғарбидаги сўнгги ва нисбатан яхши ҳимояланган аҳоли яшаш манзили ҳисобланган Добропиля шаҳри атрофдаги Покровск ва Мирноград шаҳарлари қулаганидан кейин 2026 йил баҳорида Россия армиясининг асосий нишонига айланганди.

Фронтнинг мазкур участкасига қарийб 100 минг кишилик гуруҳни жамлаган Россия армияси шаҳарни қуршаб олиш учун шимол ва жанубда олдинга ҳаракатланмоқда.